Жаҳон | 10:26 / 10.01.2023
2741
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи ва НАТО ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида баёнот имзолайди

НАТО ва Европа Иттифоқининг биринчи шахслари 10 январь куни ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги баёнотни имзоламоқчи. Бу, НАТОнинг келажакдаги кенгайиши каби - Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий босқинининг натижаси.

Фото: Johanna Geron / dpa / Reuters / picture alliance

НАТО ва Европа Иттифоқи, Россиянинг Украинага қарши давом этаётган қуролли тажовузи шароитида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қарор қилди. «Биз дуч келаётган хавфсизлик таҳдидлари ва муаммолари тобора кенгайиб борар экан, ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтармоқдамиз», дея 10 январда Брюсселда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва ЕИ кенгаши раҳбари Шарл Мишел томонидан имзоланиши режалаштирилган қўшма баёнотдан иқтибос келтиради AFP агентлиги.

Ушбу ҳужжатга кўра, НАТО ва Европа Иттифоқи Россия ва Хитой билан «ўсиб бораётган геостратегик рақобат»да, муҳим инфратузилмани ҳимоя қилишда ўз ҳаракатларини янада яқинроқ мувофиқлаштириш, шунингдек, космик тадқиқотлар, иқлимга қарши курашда яқинроқ ҳамкорлик қилиш ниятида. Бундан ташқари, чет элдан «ахборот ва аралашувлар манипуляцияси»га қарши курашиш мўлжалланмоқда. Баёнотда Россия Украина билан урушни зудлик билан тугатишга чақирилган.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг, Швеция ва Финландия Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилиш тартибини бошладилар. Ҳар икки давлат тегишли расмий аризани 18 май куни топширди. НАТОга аъзо 30 давлатнинг барчаси аъзолик ҳақидаги қарорни ратификация қилиши керак. Шу кунгача уларнинг 28 таси бу ишни амалга оширди. Туркия ва Венгрия ҳозирча ратификация қилишдан ўзини тийиб турибди.

Мавзуга оид