Жамият | 13:39 / 13.01.2023
61964
2 дақиқада ўқилади

–13 градусда чўмилаётган 70 ёшли “морж” отахон

Наманган вилояти Учқўрғон туманида яшовчи Муроджон ота Қосимов ҳаво ҳарорати –13 даража бўлишига қарамай, Норин дарёсида чўмилади. Бу ишни соғлигида жиддий муаммоси бўлмаган ҳар ким қила олади, дейди қаҳрамонимиз.

Муроджон ота қиш кунларида чўмилиш одатини 1974 йилларда, ҳарбий хизматга борган вақтларда бошлаган. Орада ўша пайтдаги милицияда ишлаган кезлари бу ҳоббисига вақт ажрата олмаган. Нафақага чиққандан кейин, ўзининг севимли машғулотини яна давом эттирган.

Унинг айтишича, қишнинг чилласида чўмилишдан олдин одам танасини қиздириб олиши керак. Шу сабабдан отахон сувга тушишдан аввал мактаб стадионида 6-8 кмгача югуради. Танаси қизиганидан кейин эса дарё томон шошади.

Югуришда қизиган тана совимасдан туриб сувга тушиш керак. “Морж” сувда кўп турмайди. Сувда озгина тургандан кейин чиқади ва Норин дарёсининг сувидан кафтида уч марта сув олиб ичади.

Буни томоша қилаётган одам совуқдан сесканиб кетиши табиий. Лекин Муроджон ота бу ҳолатга ўрганиб қолган ва бу машғулот унинг ҳоббисига айланган. Набираларини ҳам қишда чўмилишга тайёрлайди.

“Қизимнинг фарзанди бор, ҳозир Англияда ўқийди. Ўша 7-синфлигида ота-онасидан яшириб қишда чўмилтиргани олиб чиқардим. Чўмилаётганимизни отасига ёки онасига айтиб қўймасликка келишдик. Улар чўмилаётганда видеога олиб қўярдим. Ёз келганда ота-онасига видеони қўйиб бердим. Улар фарзандлари қишда шамолламасдан, йўтал ёки томоғи оғримасдан чиққанининг сабабини билишди. Шундан кейин бобоси билан қишда чўмилишга бориши кераклигини айтиб хурсанд бўлишганди”, – дейди у.

“Морж” отахон бу машғулотни бошқаларга ҳам ўргатишдан ва бу фойдали эканини айтишдан мамнунлигини таъкидлайди. Лекин биз буни такрорлашни ҳаммага ҳам маслаҳат бермаган бўлардик.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz мухбири

Тоҳиржон Турсунов
Муаллиф Тоҳиржон Турсунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид