Жаҳон | 15:00 / 14.01.2023
3829
2 дақиқада ўқилади

Бразилияда Болсонарунинг тартибсизликлардаги ўрни текшириляпти

Бразилия Бош прокуратураси собиқ президент Болсонару мамлакат пойтахтидаги тартибсизликларнинг ташкилотчиси бўлганми ёки йўқми, ушбу масалани текширмоқчи. Ижтимоий тармоқларда радикал видеонинг эълон қилиниши унга қарши гувоҳлик беради.

Жаир Болсонару / Фото: AFP

13 январь, жума куни Бразилия Олий федерал суди собиқ президент Жаир Болсонаруни мамлакат пойтахтидаги тартибсизликлар бўйича терговда айбланувчилар рўйхатига киритди. Бу Болсонару давлат институтларини эгаллаб олишнинг мафкурачиси ва қўзғатувчиси бўлиши мумкинлигидан шубҳаланаётган Бош прокуратуранинг тегишли сўровидан кейин амалга оширилди.

9 январь, душанба куни Болсонару якшанба куни Миллий конгресс, Олий суд ва Бразилия марказидаги Уч кучлар майдонидаги президент саройи биноларида тартибсизликлар уюштирган тарафдорларидан узоқлашганига қарамай, унинг ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракати ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларида саволлар уйғотди. Душанба куни у ютқазган президентлик сайловлари натижаларининг қонунийлигига шубҳа қилгани ва шу тариқа қонунбузилишига чақириши мумкин бўлган видеони жойлаштирди. Эртаси куни Болсонару постни ўчириб ташлади.

30 октябр куни Бразилияда президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди, унда Луис Инасиу Лула да Силва 49,1 фоиз овозга қарши 50,9 фоиз натижа билан ғалаба қозонди. 8 январь куни Болсонарунинг 5000 га яқин тарафдорлари пойтахтдаги ҳукумат биноларига бостириб кириб, уларда баррикадалар ўрнатди ҳамда полициячиларга тош ва таёқлар билан ҳужум қилди.

Бразилиада фавқулодда ҳолат эълон қилинди, хавфсизлик кучлари тартибсизликларни сув пуркагичлар, кўздан ёш оқизувчи газ ва гранаталар билан бостирди.

Болсонарунинг ўзи тартибсизликлар пайтида Флоридада бўлган. Душанба куни у қаттиқ қорин оғриғи туфайли касалхонага ётқизилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид