Жаҳон | 14:22 / 14.01.2023
57133
14 дақиқада ўқилади

КГБга 40 йил хизмат қилган британиялик жосус аёл қандай фош бўлганди?

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг дунё сиёсий саҳнасида шиддатли рақобат кетар экан, СССР ва Ғарб «жосуслик ўйинларига» зўр беради. Ғарб давлатлари советлардан аламзада бўлган инсонлар орасидан ўзига жосуслар ёллайди. СССР эса «советлар мамлакатида барча бахтиёр» деган чўпчакка ишониб юрган инсонлар билан алоқа боғлайди. Советларга хизмат қилган жосуслардан бири британиялик Мелита Норвуд эди. Бу аёл 40 йил мобайнида қўлга тушмасдан КГБга муҳим маълумотлар етказиб туради ва СССР тарқаб кетгач фош бўлади.

1917 йилда содир бўлган Октябр тўнтаришидан кейин Россияда мислсиз қатағонлар бошланиб кетган бўлса-да, бу давлат ташқи дунёга ўзини адолатпарвар ва халқчил қилиб кўрсатарди.

Шу сабабли 1920-йиллардан бошлаб дунёнинг кўплаб давлатларида коммунистик партиялар тузилади. Бу партияларга Россия ва унга тобе бўлган ҳудудлардаги ҳолатдан бехабар инсонлар аъзо бўла бошлайди.

Улар коммунистлар томонидан ўтказилаётган «қизил террор» ҳақида эшитмаган, «советлар юрти»да бойлар ва ўртаҳолларнинг мулклари тортиб олинганини билмас, барча нарса халққа берилган деб ўйларди.

Аслида эса вазият тамоман бошқача, ўтмиши шубҳали бўлган бир гуруҳ шахслар Россияни эгаллаб, одамларни мислсиз қатағон қилмоқда эди. Британия коммунистик партияси ҳам ўша талотўп замонларда, 1920 йилда тузилганди.

Гарчи коммунистлар давлат тўнтаришини амалга ошириб, ҳокимият улар тасарруфига ўтган бўлса-да СССР Иккинчи жаҳон урушигача ҳатто Европада ҳам етакчиликка даъво қила олмаган.

Ўша пайтларда дунёнинг катта қисми Буюк Британия мустамлакаси эди. Бу давлат 1928-1932 йилларда жуда оғир иқтисодий инқирозларни бошдан кечирган АҚШ билан дунё гегемонлиги учун рақобат қиларди.

Европада эса Британияга иқтисодиёти кескин ўсаётган Германия рақобатчи эди. 1939-1945 йилларда бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон уруши дунёдаги сиёсий вазиятни тубдан ўзгартириб юборади.

Европанинг энг йирик иқтисодиётига эга бўлган Германия урушда ютқазади ва кейинчалик иккига бўлинади. Осиёнинг энг кучли давлати бўлган Япония ҳам мағлубиятдан сўнг АҚШ таъсир доирасига тушиб қолади. Буюк Британия эса кўплаб мустамлакаларидан айрилади ва ўз сиёсий мавқейини йўқотади.

Ана шу пайтда дунё иккита қутбга – капиталистик ва социалистик лагерга бўлинади. Кўплаб мамлакатлар Ғарб етакчиси АҚШ билан ҳамкорлик қилишга уринса, бошқалари СССР билан яқин бўла бошлайди. Шу тариқа, урушнинг асосий ғолиби бўлган советлар дунёнинг иккинчи қутби бўлишга даъвогарлик қила бошлайди.

Дунё сиёсий саҳнасида шиддатли рақобат кетар экан, ҳар икки қутбдагилар «жосуслик ўйинларига» зўр беради. Ғарб давлатлари советлардан аламзада бўлган инсонлар орасидан ўзига жосуслар ёллайди.

СССР эса «советлар мамлакатида барча бахтиёр» деган чўпчакка ишониб юрган инсонлар билан алоқа боғлайди.

СССР томонидан ёлланган жосуслар орасида бир қанча аёллар ҳам бўлган ва улар орасида британиялик Мелита Норвуд ҳам бор эди. Бу аёл 40 йил мобайнида КГБга муҳим маълумотлар етказиб туради.

Ўша пайтда СССР ўзининг миллионлаб фуқароларни қатағон қилиб турган бўлса ҳам, Мелита советларнинг ёлғон тарғиботига лаққа тушади ва совет иттифоқини дунёдаги энг одил давлат деб биларди.

Гарчи узоқ муддат жосуслик қилган бўлса ҳам Мелита қўлга тушмайди ва кексайиб нафақага чиқади. У СССР тарқаб кетганидан сўнг 1992 йилда 80 ёшида «Митрохин иши» туфайли фош бўлади.

Мелита фош бўлган пайтда ёвуз империя тарқаб кетган бўлса-да, у СССРни оғзидан бол томиб мақташда давом этади. Жумладан, интервьюларидан бирида у шундай деганди:

«Мен аллақачон қариб қолганман, шунинг учун хотирамга таяна олмайман. Мен мутахассис эмас, оддий хизматчи эдим. Оддий одамларга нон, таълим ва тиббий ёрдам берган тизим мағлубиятга учрамаслигининг олдини олишни хоҳлардим. Мен тақдим этган махфий маълумотлар Россия учун фойдали бўлиши ва ана шунда бу давлат Буюк Британия, АҚШ ҳамда Германия билан тенг рақобат олиб бориши мумкин деб ҳисоблаганман. Умуман олганда, ўз мамлакатига қарши жосуслик қилишни маъқулламайман. Аммо мен қилган ишимни яхши ният билан қилдим, гарчи буни кўпчиликка тушунтириш қийин бўлса ҳам».

Советларга жуда кўп маълумотларни жўнатиб турган Мелита ҳатто СССРда талаш ҳам бўлган. Урушдан сўнг уни совет ҳарбий разведкаси ўзига олмоқчи бўлади. Аммо Берия бунга кўнмайди ва ўзаро рақобатда ютиб чиқиб, Мелитани НКВД жосуслари сафида сақлаб қолади.

Мелита Норвуд кексайиб қолган пайтида

Латвиялик муҳожирнинг қизи

Асли исм-шарифи Мелита Сирнис бўлган бу аёл 1912 йилда Англия жанубидаги Поксдаун шаҳарчасида латвиялик муҳожирлар оиласида туғилади.

Унинг ёшлик даври ҳақида унча маълумотлар йўқ. У 20 ёшида Британия рангли металлар тадқиқотлари ассоциацияси раҳбарининг котиби бўлиб ишлай бошлайди.

1935 йилда Мелитанинг ҳаётида иккита муҳим воқеа содир бўлади. У Хилари Норвуд исм-шарифли ўқитувчига турмушга чиқади ва эрининг фамилиясини олади.

Мелитанинг эри Британия коммунистик партияси аъзоси эди. Тўйдан бироз ўтиб у ҳам шу партия сафига киради.

Иккинчи воқеа, Мелита компартия сафига кирганидан сўнг Британия коммунистик партияси асосчиси, журналист Эндрю Ротштейннинг тавсияси билан НКВД билан алоқа ўрнатади.

Шу тариқа Мелита 1937 йилдан бошлаб НКВД билан ҳамкорлик қила бошлайди ва кейинчалик КГБнинг Британиядаги энг қимматли жосусига айланади. Мелита жосуслик фаолиятини «Хола» лақаби билан олиб боради.

Иккинчи жаҳон урушигача Британияда коммунистик партияга кирганлар унча шубҳа остига олинмаган. Чунки у пайтларда ҳали жаҳон сиёсий саҳнасида СССРнинг обрўси йўқ, мамлакат Сталин қатағонлари билан овора эди.

Уруш тугагандан сўнг вазият кескин ўзгаради. Энди советлар ўзини Гитлерга қарши урушнинг асосий ғолиби сифатида капиталистик дунёга қарши тура оладиган куч сифатида кўра бошлайди.

Шу сабабли урушдан сўнг кўпгина Ғарб давлатлари қатори Британияда ҳам коммунистик партияга аъзо бўлиб кирганлар шубҳа остига олинади. Шу жумладан Мелита ҳам. Аммо у жуда устомонлик билан ишлайди ва ўзидан из қолдирмайди.

АҚШ Японияга атом бомбаси ташлаганидан сўнг нафақат СССРда, Британияда ҳам бу қуролни яратиш устида ишлар бошланиб кетади. Ана шу пайтда Мелита британияликларнинг кўплаб лойиҳалари ҳақидаги маълумотларни яширинча НКВДга жўнатади.

Tube Alloys деб номланган лойиҳа ана шулардан бири эди. Британияликлар бу лойиҳани аввалига Канада билан ҳамкорликда амалга оширишга келишишади. Кейинчалик режа ўзгаради ва АҚШ билан ҳамкорлик қилинади.

Бу лойиҳада асосан атом бомбаси учун муҳим хомашё ҳисобланадиган радиоактив моддалар тадқиқотлари олиб борилган. Кейинчалик, АҚШликлар томонидан атом бомбасининг яратилишида шу лойиҳанинг баъзи қисмлари муҳим рол ўйнаган.

Мелита Норвуднинг ёшлик пайти

Ўшанда лойиҳанинг барча махфий ҳужжатлари Мелитанинг қўлидан ўтарди. У вазиятдан фойдаланиб муҳим маълумотларни Москвага жўнатиб туради.

Британия хавфсизлик хизматининг МИ-5 бўлими Мелитадан илк марта 1945 йилда шубҳалана бошлайди. Уни советлар билан ҳамкорлик қилишда гумон қилишади, аммо етарли далил топа олишмайди.

Мелита жуда пухта ишлар ва ўзидан из қолдирмасди. Шу сабабли Британия хавфсизлик хизмати уни узоқ йиллар қўлга тушира олмайди.

1960-йилларга келиб МИ-5 ходимлари Мелитанинг КГБга ишлашини билишарди. Аммо ўшанда ҳам унга қарши ҳеч қандай жиддий далиллар йўқ эди.

Мелита шу қадар зўр ишлайдики, ўша пайтда КГБ ҳатто Британия ҳукумати вакиллари билмаган махфий маълумотлардан ҳам хабардор эди. Қизиғи, Мелитанинг эри ҳам унинг КГБ билан ҳамкорлик қилишини билмаган.

1970-йилларда КГБ Мелита билан ҳамкорликни тўхтатади ва у нафақага чиқади. Советлар ўзларига садоқат билан хизмат қилган аёлни қуруқ қўйишмайди ва КГБ томонидан Мелитага умрбодлик нафақа тайинланади.

Мелитанинг фош этилиши

1992 йилда Мелитанинг КГБга ишлагани ва у кўплаб махфий ҳужжатларни жўнатиб тургани охири фош бўлади. Уни собиқ КГБ ходими Василий Митрохин фош қилади.

Митрохин, узоқ йиллар КГБ бош бошқармасида ишлаган ва 1980-йиллар ўрталарида нафақага чиққанди. У КГБ архивини бошқарган пайтда кўплаб махфий ҳужжатлардан нусха олиб, уларни далаҳовлисига кўмиб қўяди.

СССР тарқагач, 1992 йилда Митрохин ўзида бўлган махфий ҳужжатларни Британия хавфсизлик хизматининг МИ-6 бўлимига таклиф этади.

Митрохин Фото: ВВС

Митрохин томонидан МИ-6 га тақдим этилган махфий ҳужжатлар орасида Мелита Норвуднинг КГБ билан ҳамкорлик қилгани ва кўплаб махфий ҳужжатларни жўнатиб тургани ҳақида маълумотлар бор эди. Бу пайтга келиб Мелита 80 ёшда эди.

Мелита дастлабки иш бошлаган жойи Британия рангли металллар тадқиқотлари ассоциациясида узоқ йиллар турли лавозимларда фаолият юритади.

Митрохин архивидаги ҳужжатларга кўра, у ўз лавозимидан фойдаланиб Британия ядро тадқиқотлари ҳақидаги маълумотларни қўлга киритган ва бу ҳақда КГБга маълумотлар жўнатиб турган.

Бундан ташқари, 1958 йилда КГБ томонидан Мелитага ҳар ой тўлаб бориладиган нафақа тайинланган. Ўша йили советлар «садоқатли хизматлари учун» уни махфий равишда Қизил байроқ ордени билан мукофотлашган.

1972 йилда КГБ Мелита Норвуд билан ҳамкорликни тўхтатган бўлса ҳам аёл коммунистик партияга содиқ қолади.

1979 йилда Мелита эри билан Москвага «саёҳат»га келади. Унга 21 йил аввал берилган Қизил байроқ орденини ҳам топширишади. Ўша пайтда у 67 ёшда эди.

1986 йилда Мелитанинг эри вафот этади. Шундан сўнг аёл ёлғиз яшайди. Унинг КГБдаги ҳужжатларида «Норвуд хоним совет разведкаси учун жонини ҳам аямайдиган, тартибли ва садоқатли ходимлардан бири», деб ёзилган эди.

Мелита фош бўлганидан кейинги можаролар

1992 йилда Мелита Василий Митрохиннинг «шарофати» билан фош этилгач, бу ҳодиса Буюк Британияда катта можароларга сабаб бўлади. Аммо ўшанда Мелита бошқа исм-шариф билан махфий яшар, унинг тириклигини ҳеч ким билмасди.

1999 йилда синчков журналистлар Мелитани излаб топишади ва ундан интервью олишади. Шундан сўнг Британияда уни давлат хоини сифатида жазолаш масаласи кун тартибига чиқади.

Мамлакат қонунларига кўра, давлатга хиёнат қилган шахс жазоланиши керак эди. Шу сабабли Мелитага нисбатан жиноят иши очилади. Аммо ўша пайтда аёл 87 ёшда эди ва уни қамаб бўлмасди.

Ўшанда парламент депутатлари, ОАВ ходимлари, таниқли сиёсатчилар иккига бўлинишади. Уларнинг бир қисми Мелита Норвуд жазоланиши керак деса, бошқалари жазолаш шартмас дерди.

Британия ҳукумати қийин вазиятда қолади. Охир-оқибат ҳаммасига Британия ички ишлар вазирлиги нуқта қўяди. Ўша пайтда Британия ички ишлар вазири бўлган Жек Стро Мелита Норвудга қарши иш ёпилганини маълум қилади.

Орадан 6 йил ўтиб, 2005 йил Мелита 93 ёшида вафот этади.

Мелита фош бўлганидан кейин кўплаб ОАВ ундан интервьюлар олишган. Ўша интервьюларида у Ленинни яхши кўрганини, Сталинни ёқтирмаслигини таъкидлаган.

Мелита КГБ билан ҳамкорлик қилгани ҳақида шундай деганди:

«Мен қилган ишларимни пул учун эмас, балки оддий одамларни арзон озиқ-овқат ва транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш хизматлари билан таъминлаш учун катта тўловларни амалга оширган янги тизим мағлубиятининг олдини олиш учун қилдим. Шунақа ҳолат яна такрорланса мен иккиланмасдан яна шу ишни қилган бўлардим».

У яна бир интервьюсида шундай деганди:

«Мен аввал ҳам, ҳозир ҳам ўз мамлакатимга қарши ишламаганимга аминман. Ҳеч қачон Британиянинг қизиқишларини шубҳа остида қолдирмаганман. Мен ҳар доим социалистик лагер қуролланиш ва ўзини ҳимоя қилиш борасида капиталистик дунёдан ортда қолмаслигини хоҳлаганман. Агар ёшлигимга қайтиб қолсам, яна шундай йўл тутган бўлардим».

Мелита Норвуднинг ҳаёти ҳақида филм

2018 йилда режиссёр Тревор Нанн Мелита Норвуднинг ҳаёти ҳақида «Қизил код» филмини суратга олади. Филм британиялик таниқли ёзувчи Женни Руни томонидан ёзилган «Қизил Жоан» романи асосида ишланади.

«Қизил Жоан» китоби

Филмнинг суратга олиш ишлари 2017 йил ноябр-декабр ойларида Кембрижда, Гонвилл-энд-Киз коллежида бўлиб ўтади.

Гарчи «Қизил Жоан» романида Мелита Норвуд ҳаёти тасвирланган бўлса-да, Женни Руни асар қаҳрамонини Жоан Стенли деб атайди. Режиссёр ҳам филмда ҳам бош қаҳрамон бўлган аёлнинг исм-шарифини ўзгартирмайди.

Филм сюжети КГБ жосуси бўлган британиялик аёлнинг советларга Британиянинг ядро қуроллари яратиш устида олиб бораётган тадқиқотлари ҳақидаги махфий ҳужжатларини бергани устига қурилган.

Филм қаҳрамони бўлган аёл худди Мелитага ўхшаб 1990-йилларда фош этилади ва 2000-йиллар бошида кексайиб қолганига қарамасдан қамоққа олинади.

Филмда Мелитанинг ёшлигини таниқли актриса Софи Куксон, ўрта ёшлардаги даврини машҳур актриса Жуди Денч ижро этган.

Филм илк бор 2018 йилда Торонто кинофестивалида намойиш этилади. Унинг жаҳон бўйлаб тақдимоти 2019 йил 18 апрелда бўлиб ўтади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид