Ўзбекистон | 11:52 / 16.01.2023
38308
3 дақиқада ўқилади

ДХХ ва Бош прокуратура лавозимидан озод этилганларнинг фаолиятини текширади

Шавкат Мирзиёев ДХХ ва Бош прокуратурага душанба куни йиғилишда лавозимидан озод этилган мутасаддиларнинг фаолиятини ўрганишни буюрди. Қонунбузилишлар аниқланган тақдирда, қатъий жавобгарликка тортиш топширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида энергия ресурслари таъминоти бўйича ўтказилган йиғилишда, ҳокимлар, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари уйма-уй юриб, аҳолидан хабар олишлари кераклиги кўрсатиб ўтилди.

«Саховат ва кўмак» жамғармасига ёлғиз қариялар, кўп фарзандли эҳтиёжманд оилаларга иссиқ кийим, озиқ-овқат тарқатиш, энг оғир ҳолларда уларни шароити бор жойларга жойлаштириш, маҳаллаларда иссиқ овқат тарқатиш пунктларини ташкил этиш топширилди.

Ҳар бир деҳқон бозорида шароитларни яхшилаш ва нарх-навони тартибга солиш, йирик корхоналар, ижтимоий объектлар раҳбарларига ходимларини уюшган ҳолда ишга олиб келишга автобус қатновларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Ёнғиннинг олдини олиш бўйича амалий ва тушунтириш ишларини кучайтириш, хонадонма-хонадон иситиш воситаларидан тўғри фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини ташкил қилиш бўйича топшириқ берилди.

Автомобилга газ қуйиш шохобчаларида давом этаётган ўғриликларга барҳам бериш шартлиги таъкидланди.

Мисол учун, ўтган ҳафтада биргина Вобкент тумани ва Бухоро шаҳридаги 3 та шохобчада 26 миллион кубметр (26 миллиард сўмлик) газдан яширинча фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Ушбу газ ҳажми билан 44 минг хонадонни ёки битта катта туман аҳолисини 1 ой газ билан таъминлаш мумкин эди.

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Валиевга шу масалада тартиб ўрнатиш топширилди.

Умуман, Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага бугун лавозимидан озод этилган мутасаддиларнинг фаолиятини ўрганиш ва қонунбузилишлари аниқланган тақдирда, қатъий жавобгарликка тортиш топширилди.

Бугунги йиғилишда Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ва «Иссиқлик электр станциялари» АЖ раиси Фарҳод Абдураҳмонов лавозимидан озод этилди. Шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари Улуғбек Мустафоев, «Ўзтрансгаз» раҳбари Беҳзод Норматов ва «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Меҳриддин Абдуллаев ҳам лавозимидан озод этилиб, уларга вазифасини бажарувчи лавозимида 3 ой синов муддати белгиланди.

Йиғилиш якунида тегишли мутасаддилар ва ҳудудлар ҳокимлари ҳисобот берди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид