Ўзбекистон | 11:52 / 18.01.2023
2943
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон миллий маҳсулотлари Латвия орқали ЕИ бозорига олиб кирилади

«Ўзчармсаноат» уюшмасида Trade House Uzbekistan компанияси раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Мулоқотнинг асосий мавзуси Латвияда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотларининг савдосини йўлга қўйиш ҳамда Латвия инвесторларини фаол жалб этиш бўлди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг навбатдаги раундида миллий маҳсулотларни қисқа фурсатда Латвия орқали ЕИ бозорига олиб кириш масаласининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Бу борада Ўзбекистоннинг GSP+ преференциялар тизимидан самарали фойдаланиши билан боғлиқ имкониятлари кўриб чиқилди.

Trade House Uzbekistan компанияси раҳбари бугунги кунда Ўзбекистон учун Латвияда йирик шоу-рум ташкил этилгани ва шу кунга қадар ҳунармандчилик ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилганини қайд этди. У навбатдаги босқичда Ўзбекистоннинг чарм-пойабзал корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни жойлаштириш ишлари бошланишини маълум қилди.

Учрашувда томонлар маҳсулотлар намуналарини жойлаштириш, маҳсулот турлари ва етказиб бериш билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди. Латвияда улгуржи савдоларни йўлга қўйиш бўйича ташкилий жиҳатларнинг бугунги ҳолати кўриб чиқилди.

Латвия компанияларининг Ўзбекистонга сармоя киритиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларига эътибор қаратилди. Мулоқотда ЕИ, жумладан, Латвияга маҳсулот етказиб берувчи маҳаллий корхоналар билан музокаралар ўтказиш ва намуналарни Латвиядаги шоу-румга жойлаштириш бўйича келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид