Ўзбекистон | 09:30 / 20.01.2023
7760
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон Ўзбекистонга қўшимча электр энергияси етказиб беришни бошлади

Тожикистондан импорт қилинаётган электр энергияси Сурхондарё вилоятидаги истеъмолчиларга узатилмоқда.

Фото: Reuters

Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида қўшни Тожикистондан Сурхондарёга қўшимча электр энергияси етказиб бериш йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ вилоят филиали матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2023 йил 18 январ куни Шўрчи, Олтинсой, Қумқўрғон, Жарқўрғон туманлари 70 фоиз, Бандихон, Қизириқ, Шеробод туманлари 90 фоиз ва Бойсун Сариосиё, Узун, Денов туманлари тўлиқ Тожикистоннинг «Регар-500» подстанциясидан чиқувчи 220кВли Л-Регар-Зарчоп ва Л-Регар-Шеробод электр узатиш тармоқлари орқали кучланиш билан таъминланган.

Вилоятнинг Термиз, Жарқўрғон туманларининг 30 фоиз, Музработ, Ангор, Шеробод туманларининг 10 фоиз ҳамда Термиз шаҳридаги барча истеъмолчилари 196 МВт юклама билан Ўзбекистон орқали кучланиш билан таъминланмоқда.

«Тожикистоннинг «Регар-500» подстанциясидан чиқувчи 220кВли Л-Регар-Зарчоп ва Л-Регар-Шеробод электр узатиш тармоқларининг ҳар биридаги симнинг юкламани кўтариш қобилияти 250 МВтга мўлжалланган.

Уларининг бирортаси фавқулодда ўчиб қолиш ҳолатлари юз берган вақтларда энергосистемани сақлаб қолиш мақсадида Шўрчи, Олтинсой, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Бойсун, Сариосиё, Узун, Денов туманлари бўйича Жанубий минтақавий диспетчерлик бошқармаси диспетчерларининг топшириғи ва Сурхондарё ҳудудий диспетчерлик бўлими диспетчерининг фармойиши билан туманларнинг ўзидан тасдиқланган чеклаш графигига асосан 6-10 кВли фидерлардан соатига 70-80 МВт дан чеклаш олиб бориш тақозо этилади», дейилади хабарда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид