Жаҳон | 11:09 / 21.01.2023
12457
3 дақиқада ўқилади

«Вагнер» МАРдаги олтиндан 1 млрд долларгача даромад олади - Politico 

«Вагнерчилар» конни ўзлаштиришдан олган фойдасини, эҳтимол, қурол сотиб олиш ва ёлланма аскарларга сарфлайди. АҚШ расмийларига кўра, бу пуллар Украинадаги урушни молиялаштириш учун ҳам ишлатилиши мумкин.

Фото: French Army/AP/picture alliance

«Вагнер» ХҲК 2022 йилда Марказий Африка Республикасида (МАР) кончиликни сезиларли даражада кенгайтирди. Бу ҳақда 19 январь, пайшанба куни Американинг Politico нашри ғарб расмийси ва АҚШ ҳукумати телеграммасига асосланиб маълум қилди. Нашрнинг ёзишича, ўтган йил давомида қазиб олинган олтиндан фойда 1 миллиард долларгача етиши мумкин. ХҲК, эҳтимол, бу маблағларни қурол сотиб олиш ва ёлланма аскарларга сарфлайди.

Ҳарбий компания 2018 йилда МАРда яқин ҳамкорликда ишлай бошлади, маданий марказ яратди ва конларни, жумладан, мамлакат марказидаги Бамбари шаҳри яқинида жойлашган Ндассима олтин конини ҳимоя қилиш бўйича бир қанча битимлар тузди. Ўшандан бери вагнерчилар бир пайтлар қўлбола ҳолатда бўлган конни улкан мажмуага айлантирдилар, дейилади АҚШ ҳукумати баёнотида.

Бугунги кунда у ўзлаштиришнинг турли босқичларида бўлган саккизта саноат зонасидан иборат - уларнинг энг чуқури, баъзи ҳисоб-китобларга кўра, 60 метрга етади. Ҳужжатга кўра, ХҲК шахтани мустаҳкамлади, дарё ўтиш жойларида кўприклар қурди ва муҳим жойларда юк машиналарида зенит қуролларини ўрнатди.

«Улар амалга ошираётган бу ҳаракатлар кон бўйича узоқ муддатли режалардан далолат беради. Уларнинг кончиликни кенгайтираётгани, узоқ муддатли режаларни ишлаб чиқаётгани, менимча, маҳаллий ҳарбийлар билан қанчалик интеграциялашганлиги ва МАР ҳукуматининг уларга қарамлиги даражасидан далолат беради», деди Катрина Докси, Колумбия округидаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг Трансмиллий таҳдидлар лойиҳаси ходими.

ХҲК Африкадаги кончилик манфаатларини илгари суриш учун куч ишлатиш бўйича бой тажрибага эга. 2021 йилда вагнерчилар Марказий Африка Республикасидаги кон ҳудудида яшовчи исёнчилар ва тинч аҳолини конни янада ривожлантириш мақсадида уйларидан ҳайдаб чиқариш мақсадида қатл этишда айбланган. Ўшандан бери «Вагнер» ХҲК Ндассима конида Мадагаскарда рўйхатдан ўтган компания ниқоби остида ишламоқда, деб ёзади нашр.

АҚШ расмийлари «Вагнер» ХҲК фойдали қазилмалар қазиб олишдан олинган даромадни Ғарб санкциялари остидаги Россия давлатини қўллаб-қувватлаш ва Россиянинг Украинага қарши уруши учун маблағ оқимини яратиш учун ишлатаётгани ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид