2023 йилда газ қазиб олишни 9 фоизга ошириш имконияти борлиги айтилди
Ўзбекистон ҳукумати 2023 йилда табиий газ қазиб олиш ҳажмини камида 9 фоизга ошириб, 56,3 млрд куб метрга етказишни мўлжалламоқда. Таъкидлаш керак, охирги йилларда газ қазиб олиш кўрсаткичлари фақат пасайиб боряпти. Ваъда қилинишича, газ, электр, кўмир ва мазут импорти бўйича бу йил аввалроқдан келишувга эришиб қўйилади.
Бош вазир Абдулла Арипов куз-қиш мавсумига тайёргарликда йўл қўйилган хатолар юзасидан селектор ўтказди.
Йиғилишда ҳокимликлар билан бирга жамоат транспорти, коммунал соҳа ва чиқинди ташиш махсус техникалари, қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг махсус транспорт воситалари учун ҳозирдан алоҳида газ қуйиш шохобчаларини бириктириб бериш кераклиги айтилди.
“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда табиий газ қазиб олиш ҳажмини 56,3 млрд куб метрга етказиб (2022 йилда 51,7 млрд куб метр), ўтган йилга нисбатан 4,6 млрд куб метрга ошириш имконияти бор.
Шунингдек, қайта тикланувчи энергия жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш ҳисобига 1,6 млрд куб метр газ иқтисод қилишимиз мумкин”, – дея йиғилишдан иқтибос келтирмоқда ЎзА.
Қайд этилишича, “Ўзбекнефтгаз” АЖ жорий йилда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини 32,8 млрд куб метрга етказиш учун қиймати 5,7 трлн сўмга тенг 744 та геологик-техник тадбирларни амалга ошириши керак.
Энергетика вазирлиги жорий йилда табиий газ ва электр энергияси, кўмир ва мазут импорти билан боғлиқ масалаларни қайта кўриб чиқиши, бошқа муқобил ҳамкорлар билан музокаралар ўтказиши, келишувларга эришиш бўйича олдиндан барча зарур тадбирларни амалга ошириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан, 23-27 январь кунлари республиканинг аксарият ҳудудларига нисбатан совуқ ҳаво массаси кириб келиши ва бунинг натижасида ҳаво ҳарорати жойларда кечаси -5...-18 даража совиши башорат қилинмоқда.
Шунинг учун, ўтган 15 кун давомида амалга оширилган тадбирларни янада кучайтирган ҳолда штаблар фаолиятини давом эттириш топширилди.
Мавзуга оид
20:03
Газ қазиб олишнинг қисқариши 2 млрд кубга яқинлашди, нефт ва бензин ишлаб чиқариш ҳам камайиб боряпти
11:31
Энергетика вазирлиги: Иссиқхоналарга газ етказиб бериш бўйича чекловлар йўқ
09:51 / 21.11.2024
Бухоронинг айрим ҳудудларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилади
08:59 / 21.11.2024