Жаҳон | 08:33 / 24.01.2023
7877
2 дақиқада ўқилади

Полша Украинага Leopard етказиб бериш борасида Германияга мурожаат қилади

Полша Германия ҳукуматидан Германияда ишлаб чиқарилган Leopard асосий жанговар танкларини Варшава томонидан Украинага етказиб беришга қаршилик кўрсатмасликни сўрайди. Бу ҳақда Полша ҳукумати раҳбари Матеуш Моравецкий Познанда маълум қилди. 

Фото: Sean Gallup / Getty Images

«Биз бундай рухсат олиш учун ариза берамиз, лекин бу - иккинчи даражали масала», - деди Моравецкий ва Полша Берлиннинг розилигини олмаса ҳам, кичик коалиция ичида ҳаракат қилишини қўшимча қилди.

«Агар немислар ушбу коалициянинг бир қисми бўлмаса, биз танкларимизни бошқалар билан бирга Украинага ўтказамиз», деб ваъда қилди Моравецкий. 

Аввалроқ, 22 январь куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Франциянинг LCI телекомпаниясига берган интервьюсида Германия ҳукумати Leopard 2 танкларини Полшадан Украинага етказиб беришга тўсқинлик қилмаслигини айтган эди. 

«Биздан ҳали сўралгани йўқ, агар сўрашса, биз тўсқинлик қилмаймиз», — деди Германия ташқи ишлар вазири. 

«Биз бу танклар нақадар муҳимлигини биламиз ва шунинг учун ҳозир буни ҳамкорларимиз билан муҳокама қилмоқдамиз. Биз ҳаётни сақлаб қолиш ва Украина ҳудудини озод қилиш учун ҳамма нарсани қилишимиз керак», - дея қўшимча қилди Бербок.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид