Жаҳон | 07:57 / 24.01.2023
10853
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Украинага яна 500 млн евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратади

Европа Иттифоқининг бош дипломати Украина ва халқаро прокуратурага ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун янги ҳарбий ёрдам берилишини эълон қилди.

Фото: Virginia Mayo/AP Photo/picture alliance

Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари кенгаши Украинага Европа тинчлик жамғармаси (European Peace Facility) орқали умумий қиймати 500 миллион евро бўлган еттинчи ҳарбий ёрдам траншини беришга келишиб олди. Бу ҳақда 23 январь, душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик бўйича олий вакили Жозеп Боррел маълум қилди.

У, шунингдек, ЕИ давлатлари томонидан Украина ҳарбийларини тайёрлаш бўйича Европа Иттифоқининг махсус миссияси учун яна 45 миллион евро ажратиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. 15 000 нафар украиналик аскарни асосий тайёргарликдан ўтказиш учун мўлжалланган ушбу миссия 2022 йил охирида Полшада бошланган.

Шу тариқа, ЕИ томонидан 2021 йилда асос солинган Европа тинчлик жамғармаси орқали Украинага ажратиладиган маблағ 3,6 миллиард еврога етади. Айни пайтда, Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар томонидан Украинага кўрсатилган ёрдамнинг умумий миқдори 50 миллиард еврога яқинлашди ва бу Европа Иттифоқини Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича дунёда етакчига айлантирди, деди Боррел.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ташқи ишлар кенгаши Украинадаги ҳарбий жиноятлар жазосиз қолиши мумкин эмас деган фикрда, деди Европа дипломатияси раҳбари. Унинг сўзларига кўра, йиғилишда айбдорларни жавобгарликка тортиш имкониятлари муҳокама қилинган. Бу муҳокама БМТда, шу жумладан, навбатдаги Бош ассамблея контекстида ҳам олиб борилмоқда, деди Боррел. Унинг сўзларига кўра, жиноятчиларни жавобгарликка тортиш йўлидаги биринчи қадам Халқаро жиноий суд кўмагида Ҳаагада халқаро прокуратура ташкил этилиши бўлади.

Украинага Германиянинг Leopard 2 танкларини етказиб бериш ҳақида сўралганда, у Германия ушбу танкларни Украинага топширишни истаган бошқа мамлакатларга тўсқинлик қилмаслигини айтди ва Рамштайндаги учрашувнинг «таъсирчан натижаларини» баҳолашни сўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид