Ўзбекистон | 14:10 / 26.01.2023
11897
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қирғизистондаги ерларда агрокомплекслар ташкил қилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон ва Қирғизистон қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳамкорлик бўйича ҳужжат имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳужжат кенг тармоқли йўналишларни ўз ичига олган йўл харитаси бўлиб, бунда, асосан, ҳамкорликда қиладиган чорвачилик, мева-сабзавотчилик ва бошқа шу каби йўналишлардаги лойиҳалар киритилди. 

"Жумладан, чорвачилик йўналишида биз Қирғизистондаги ерлардан унумли фойдаланган ҳолда, қирғиз дўстларимиз билан ҳамкорликда чорвачилик комплекслари, майда шохли, йирик шохли қорамолларни боқиш, етиштириш ҳамда қайта ишлаш бўйича агрокомплекслар ташкил қилишни йўлга қўймоқчимиз", дейди вазир. 

Азиз Воитовга кўра, Ўзбекистонда мева-сабзавот соҳаси анча ривожланган. 

"Энди биз қўшниларимизга бу тажрибани улашиб, бу ерда бошланишига 100 гектар интенсив боғ, иссиқхоналар ташкил қилиш бўйича келишувларни амалга оширдик. Мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ҳам биргаликда учинчи давлатларга экспорт қилиш бўйича ҳам келишувларни амалга оширдик", деди у. 

Маълум қилинишича, ҳозирги йўл харитаси хусусий тадбиркорларнинг тахминан 500 млн долларлик лойиҳаларини ўз ичига олган комплекс чора-тадбирлардир.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид