Жаҳон | 14:14 / 27.01.2023
15522
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериши мумкин

Фото: AP

Оқ уй ва Пентагон Украинага жанговар самолётлар юборилиши мумкинлигини истисно этмади. АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳали эълон қилинмаган ёрдам пакетларидан олдинга ўтиш ниятида эмаслигини қўшимча қилди.

Қўшма Штатлар «Украинага қандайдир аниқ қурол тизимлари» етказиб берилишини истисно этмайди. Бу ҳақда 26 январь, пайшанба куни АҚШ президенти Жо Байденнинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Файнер MSNBC телеканалининг Вашингтон Киевга қирувчи самолётлар етказиб бериш имкониятини кўриб чиқяптими, деган саволига жавобан маълум қилди.

Файнернинг таъкидлашича, Украинага ёрдам унинг эҳтиёжларига мувофиқ амалга оширилади. «Биз буни жуда батафсил билан муҳокама қиламиз», - дея қўшимча қилди Байденнинг маслаҳатчиси Украина томонининг жанговар самолётларни Киевга бериш ҳақидаги чақириқларини изоҳлар экан.

Америка қирувчи самолётлари Украинага юборилиши мумкинлигини АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳам истисно этмади. «Биз, албатта, кун тартибидан ҳеч қайси масалани олиб ташламоқчи эмасмиз», деди Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингх 26 январь куни бўлиб ўтган брифингда F-16 қирувчи самолётларининг Украинага берилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб қайтариб. Бироқ, Сингхнинг таъкидлашича, F-16 мураккаб қурол тизими бўлиб, кенг қамровли тайёргарликни талаб қилади.

«Биз ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини тақдим этяпмиз, украиналикларни Patriot зенит-ракета тизимлари билан ишлашга ўргатяпмиз. Улар нафақат биз, балки бошқа давлатлар ҳам тақдим этаётган бир қатор ҳаво имкониятларидан нақадар ақл бовар қилмайдиган даражада фойдаланганини кўрдик. Кейинги қадамларга келсак, мен ҳали эълон қилинмаган ёрдам пакетлари ёки президент ва Мудофаа вазири қарорларидан олдинга чиқмоқчи эмасман», дея қўшимча қилди Сабрина Сингх.

Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари, Германиядаги собиқ элчи Андрей Мелник Киевга Россия ҳарбий агрессиясини қайтариш учун танклардан ташқари қирувчи самолётлар, ҳарбий кемалар ва сувости кемалари керак бўлишини айтган эди. Politico нашрининг ёзишича, Украинага Германия ва Америка танкларини юбориш қароридан сўнг НАТО давлатлари вазият янада авж олишидан хавотирда эканига қарамай, Киевга жанговар самолётлар етказиб бериш имкониятларини муҳокама қилмоқда.

Полша бош вазири Матеуш Моравецкий Франциянинг LCI телеканалига берган интервьюсида, агар НАТО давлатлари биргаликда шундай қарор қабул қилса, унинг мамлакати Украинага қирувчи самолётлар етказиб беришни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади. Аввалроқ Нидерландия ташқи ишлар вазири Вопке Хукстра мамлакат парламентида сўзлаган нутқида, ОАВ хабарига кўра, бу масалада ҳеч қандай тақиқ йўқлигини айтган. Германия канцлери Олаф Шольц эса тескари фикрда. 25 январь куни Бундестагда сўзлаган нутқида у немис жанговар самолётларини етказиб бериш ёки Бундесвер қўшинларини Украинага жойлаштиришни имконини рад этди. Шольцнинг сўзларига кўра, «ҳозирча бундай бўлмаган ва келажакда ҳам бўлмайди».

Мавзуга оид