14:56 / 27.01.2023
13950

Исроилнинг Ғарбий соҳилдаги рейдида фаластинликлар ўлдирилди 

Фаластин расмийларига кўра, Ғарбий соҳилдаги Женин шаҳрида Исроил ҳарбийлари томонидан исломий жангариларга қарши уюштирилган рейд оқибатида 9 фаластинлик, жумладан, кекса аёл ҳалок бўлди. 

Фото: Reuters

Исроил ҳарбийлари Фаластиннинг «Ислом жиҳоди» гуруҳига мансуб «террорчилар отряди» йирик ҳужумининг олдини олишга муваффақ бўлганини маълум қилди. 

Исроил армияси вакиллари операция натижасида 3 жангари йўқ қилингани, яна бири таслим бўлгани ва ҳибсга олинганини маълум қилди. 

«Хавфсизлик кучлари гумондорлар жойлашган бинони ўраб олиш учун операция ўтказди. Икки қуролли гумонланувчи қочишга ҳаракат қилди ва зарарсизлантирилди», дейилади Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) баёнотида. 

«Бино ичида бўлган гумонланувчилардан бири хавфсизлик кучларига таслим бўлди. ЦАХАЛ аскарлари гумонланувчиларда бўлган иккита портловчи мосламани портлатиш учун бинога кирди. Воқеа жойида яна бир қуролланган гумондор ҳам бор эди. У зарарсизлантирилди», дейилади хабарда. 

ЦАХАЛ жангариларни Исроил тинч аҳолиси ва аскарларига қарши кўплаб йирик террорчилик ҳужумларини режалаштириш ва амалга оширишда фаол иштирок этганликда айблади. 

Ҳарбийларнинг сўзларига кўра, рейд чоғида яна бир фаластинлик жангари аскарларга қарата ўт очган. Исроилликлар ҳам бунга жавобан ўт очишган ва кимгадир жароҳат етказишган. ЦАХАЛ қўшимча қурбонлар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни текширмоқда. 

Фото: Reuters

ХАМАС ва «Исломий жиҳод» (Буюк Британия, АҚШ, Европа Иттифоқи, Исроил ва бошқа бир қатор давлатлар уларни террорчи ташкилотлар деб тан олган) Исроил ҳарбийларига қарата ўқ узгани ва уларга қарши қўлбола портловчи қурилмалар қўллаганини тасдиқлади. 

Ғарбий соҳилдаги тиббий хизматлар рейдда тўққиз нафар фаластинлик ҳалок бўлгани ва яна 20 нафари яралангани, улардан тўрт нафарининг аҳволи оғир эканини маълум қилди. 

Фаластиннинг расмий Wafa ахборот агентлиги Исроил аскарларининг Женинга киришига тўсқинлик қилмоқчи бўлган 7 нафар фаластинлик яраланганини маълум қилди. Шунингдек, исроилликлар Женин шаҳридаги туристик клуб биносини бутунлай вайрон қилган. 

Фото: Reuters

Такси ҳайдовчиси Муҳаммад Амморий сўзларига кўра, дўсти билан гаплашиб турганида ҳарбий машиналар клуб ёнидаги бинога етиб келган. 

«Биз ўқ овозларини эшитдик, Женин клубига қочиб кирдик ва у ерда уч соат қамалда қолдик. Тахминан бир соат ўтгач, ҳарбий булдозерлар йўлнинг икки томонидаги машиналарни вайрон қилди, кейин эса клуб деворини бузди», деди у. 

«Ёшлар тош, қўлбола портловчи моддалар улоқтирди, фаластинлик жангарилар Исроил аскарларига қарата ўт очди. Дўстим оёғидан яраланди. Булдозер ичида одам бўлган машинани ағдариб юборганини кўрдим. У яраланди, аммо тирик қолди». 

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазири Май ал-Қайла сўзларига кўра, Исроил ҳарбийлари воқеа жойидаги йўлни тўсиб қўйгани учун Фаластин Қизил яримой жамияти шифокорлари ярадорларни зудлик билан эвакуация қила олмаган. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий шифохонанинг болалар бўлими ҳам Исроилнинг кўздан ёш оқизувчи газидан зарар кўрган. ЦАХАЛ бу айбловларга изоҳ бермади. 

Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббоснинг вакили Исроилнинг рейдини қоралаб, буни халқаро ҳамжамиятнинг «розилиги» билан амалга оширилаётган қирғин деб атади. «Бу босқинчи ҳукуматни бутун дунё олдида халқимизни қирғин қилишга ундайди», деди Набил Абу Рудайна. 

Сўнгги пайтларда Ғарбий соҳилда вазият яна кескинлашмоқда: Исроил ҳарбийлари фаластинлик жангариларга қарши операцияни давом эттирмоқда. Фаластинликларнинг исроилликларга қарши қатор ҳужумлари, шунингдек, жангариларни ҳибсга олиш чоғида исроиллик аскарларга қарата ўқ узиши оқибатида 30 дан ортиқ одам, жумладан, аскарлар, полициячилар ва тинч аҳоли ҳалок бўлган. 

Исроил армиясининг ҳаракатлари оқибатида йил бошидан бери Ғарбий соҳилда камида 29 фаластинлик – нафақат жангарилар, балки тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлган.

Top