Исроил ҳарбийлари Фаластиннинг «Ислом жиҳоди» гуруҳига мансуб «террорчилар отряди» йирик ҳужумининг олдини олишга муваффақ бўлганини маълум қилди. 

Исроил армияси вакиллари операция натижасида 3 жангари йўқ қилингани, яна бири таслим бўлгани ва ҳибсга олинганини маълум қилди. 

«Хавфсизлик кучлари гумондорлар жойлашган бинони ўраб олиш учун операция ўтказди. Икки қуролли гумонланувчи қочишга ҳаракат қилди ва зарарсизлантирилди», дейилади Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) баёнотида. 

«Бино ичида бўлган гумонланувчилардан бири хавфсизлик кучларига таслим бўлди. ЦАХАЛ аскарлари гумонланувчиларда бўлган иккита портловчи мосламани портлатиш учун бинога кирди. Воқеа жойида яна бир қуролланган гумондор ҳам бор эди. У зарарсизлантирилди», дейилади хабарда. 

ЦАХАЛ жангариларни Исроил тинч аҳолиси ва аскарларига қарши кўплаб йирик террорчилик ҳужумларини режалаштириш ва амалга оширишда фаол иштирок этганликда айблади. 

Ҳарбийларнинг сўзларига кўра, рейд чоғида яна бир фаластинлик жангари аскарларга қарата ўт очган. Исроилликлар ҳам бунга жавобан ўт очишган ва кимгадир жароҳат етказишган. ЦАХАЛ қўшимча қурбонлар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни текширмоқда. 

Фото: Reuters

ХАМАС ва «Исломий жиҳод» (Буюк Британия, АҚШ, Европа Иттифоқи, Исроил ва бошқа бир қатор давлатлар уларни террорчи ташкилотлар деб тан олган) Исроил ҳарбийларига қарата ўқ узгани ва уларга қарши қўлбола портловчи қурилмалар қўллаганини тасдиқлади. 

Ғарбий соҳилдаги тиббий хизматлар рейдда тўққиз нафар фаластинлик ҳалок бўлгани ва яна 20 нафари яралангани, улардан тўрт нафарининг аҳволи оғир эканини маълум қилди. 

Фаластиннинг расмий Wafa ахборот агентлиги Исроил аскарларининг Женинга киришига тўсқинлик қилмоқчи бўлган 7 нафар фаластинлик яраланганини маълум қилди. Шунингдек, исроилликлар Женин шаҳридаги туристик клуб биносини бутунлай вайрон қилган. 

Фото: Reuters

Такси ҳайдовчиси Муҳаммад Амморий сўзларига кўра, дўсти билан гаплашиб турганида ҳарбий машиналар клуб ёнидаги бинога етиб келган.