15:51 / 30.01.2023
49604

Элдор Шомуродов Италиянинг бошқа клубига ўтди

«Рома»нинг асосий таркибига кира олмаган Шомуродов «Специя»га ярим мавсум учун ижарага берилган. У янги клубида ҳам 14-рақамда тўп суради.

Фото: Getty Images

Италиянинг «Специя» клуби «Рома»дан ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовни трансфер қилгани ҳақида расман эълон қилди ва уни А Сериядан расман рўйхатдан ўтказди.

Маҳаллий манбаларга кўра, «Специя» футболчини мавсум охирида сотиб олиш ҳуқуқисиз 1,5 миллион евро эвазига ижарага олган.

Ўзбекистонлик футболчи янги клубида ҳам 14-рақам остидаги футболкада тўп суради.

Маълумот учун, «Специя» А Серияда 18 очко билан 17-поғонада бормоқда ва лигада энг кам гол урган жамоалардан биридир. Шомуродов бу мавсум А Серияда римликлар сафида 6 та ўйинда майдонга тушиб, гол ура олмади.

Аввалроқ, Жозе Моуриньо Шомуродов мавсум якунида Рим клубига қайтиши мумкинлиги истисно этмаганди.

«Специя» айни вақтда Италия чемпионатида 17-ўринда бормоқда. Жамоанинг навбатдаги ўйини 5 феврал, якшанба куни турнир пешқадами бўлиб турган «Наполи»га қарши кечади.

Top