Европа Иттифоқининг шарқий қисми Украина арзон донидан шикоят қиляпти
Жаҳон бозорини тўлдириш учун Европа Иттифоқи Украинадан дон ташишни осонлаштирди. Аммо маълум бўлишича, бу доннинг бир қисми Европа Иттифоқининг Шарқий Европа мамлакатларида қолиб кетяпти ҳамда бу маҳаллий фермерлар учун муаммо туғдиряпти.
Украинадан арзон дон Европа Иттифоқининг Шарқий Европа мамлакатлари фермерлари учун тобора кўпроқ муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу Россиянинг ушбу мамлакатга қарши уруши фонида Украина билан савдо-сотиқ осонлаштирилиши сабабли, Украинадан экспорт қилинадиган озуқа ва озиқ-овқатнинг муҳим қисми Болгария, Чехия, Венгрия, Полша, Руминия ва Словакияда қолиб кетаётгани, бу эса маҳаллий фермерлар учун муаммо туғдираётгани билан боғлиқ. Бу ҳақда 30 январь, душанба куни эълон қилинган ушбу олтита Европа Иттифоқи давлатининг қўшма ҳисоботида айтилган.
«Ҳозирда бу ўсиш назоратсиз қолса, Европа Иттифоқи ишлаб чиқарувчилари учун қишлоқ хўжалиги соҳасида жиддий қийинчиликлар туғдириши мумкинлиги ҳақидаги прогнозлар ортиб бормоқда», дейилади ҳужжатда. 30 январь куни Европа Иттифоқи қишлоқ хўжалиги вазирлари Брюсселда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавжуд вазият ва муаммо ечимларини муҳокама қилади.
Айниқса, Европа Иттифоқининг олтита Шарқий Европа давлатининг ғаллачилик соҳасида муаммоли вазият юзага келди. Мисол учун, бу мамлакатларга Украинадан маккажўхори импорти ўтган йилнинг январидан ноябригача бир неча минг тоннадан бир неча миллион тоннагача ошди.
Европа Иттифоқи Россия тажовузкорлиги фонида Украинадан экспорт тўхтатилиши сабабли жаҳон бозорида ғалла тақчиллигига йўл қўймаслик учун бирдамлик йўлакларини яратди ва шу билан Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш ва чегарадан ўтиш назоратини осонлаштирди. Бироқ, маълум бўлишича, Украина ғалласининг муҳим қисми жаҳон бозорига чиқмаяпти, балки Европа Иттифоқининг Шарқий Европа мамлакатларида чорва учун озуқа сифатида қолиб, у ерда арзонлиги туфайли маҳаллий фермерларнинг маҳсулотларини бозорлардан чиқариб юборяпти.
Германия Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили dpa нашрига берган интервьюсида Европа Иттифоқининг бирдамлик йўлакларини кузатиб бориш муҳимлигини таъкидлади. Бу «Украина дони ушбу йўлаклар тугайдиган жойга – ЕИ портларига келгусида белгиланган мамлакатларга ташиш учун етиб бориши жиҳатидан муҳимдир».
Европа Иттифоқининг олтита Шарқий Европа давлатлари ўзларининг қўшма ҳисоботида Украинадаги қишлоқ хўжалиги секторини қўллаб-қувватлашда давом этишга тайёр эканини билдирди, бунда ҳолат маҳаллий бозорлар учун салбий оқибатларга олиб келиши керак эмас. Улар, шунингдек, зарар кўрган маҳаллий фермерларга товон тўлаш керак, деб ҳисоблаяпти.
Россия ҳарбий ҳаракатларидан олдин Россия ва Украина томонидан жаҳон бозорларига экспорт қилинадиган доннинг улуши Европа комиссияси томонидан тахминан 34 фоизга баҳоланган.
Мавзуга оид
17:24
The Times: Киев бир неча ой ичида оддий атом бомбасини яратиши мумкин
16:08
Блинкен: АҚШ Трамп келишидан олдин Украинага ёрдамни кучайтиради
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024