Жаҳон | 22:51 / 01.02.2023
29824
2 дақиқада ўқилади

«Россия ўз чегаралари қаердан ўтишини билиши керак» — Грузия президенти

Грузия президенти Саломе Зурабишвили Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий сулҳ келишувига ўз мамлакати билан боғлиқ ҳолатни ҳам киритишни таклиф этди.

Россиянинг Украинага босқини якунлангач тузилиши мумкин бўлган келишувда Россия қўшинлари Абхазия ва Жанубий Осетиядан олиб чиқилиши бўйича банд бўлиши керак. Грузия президенти Саломе Зурабишвили Bloomberg билан суҳбатда Россия Федерацияси билан урушда ғалаба қозониши масаласи Абхазия ва Жанубий Осетиянинг тақдирига таъсир қилишини айтди.

Саломе Зурабишвили. Фото: Bloomberg

«Россия ўз чегаралари қаердалигини тушуниши керак. Грузия масаласи ҳам музокаралар столида бўлиши керак. Чунки ҳеч ким бу урушни Россия минтақадаги барча босиб олинган ҳудудлардан чекинмасдан туриб ҳал қилиш мумкин деб ўйламаслиги керак», — деган Зурабишвили.

Жумладан, у Россиянинг Грузия ҳудудларини босиб олишдан бош тортганини ёзма равишда қайд этишни сўради. 

Зурабишвили хонимнинг фикрича, акс ҳолда Ғарб 2008 ва 2014 йилларда бўлгани каби «яна бир катта хатога йўл қўяди».

Грузия президентининг ишонч билан айтишича, Россия амалда «бутун урушни бўлмаса ҳам, жангни ютқазиб бўлган».

  • Грузиянинг жами ҳудудининг 20 фоизини ташкил қилган Абхазия ва Жанубий Осетия 1990-йилларда, СССР парчаланиши фонида ўз мустақиллигини эълон қилган; шундан буён Грузия амалда бу ҳудудларни назорат қилмайди.
  • 2008 йилда Грузия ва Россия ўртасидаги беш кунлик урушдан кейин Москва ўзини мустақил деб эълон бу республикалар мустақиллигини расман тан олади. Жаҳон ҳамжамияти бунга қўшилмайди — Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини шу вақтгача БМТга аъзо бўлган давлатлардан фақат тўрттаси тан олган.
  • Грузия Абхазия ва Жанубий Осетияни ўзининг Россия томонидан босиб олинган ҳудудлари деб ҳисоблайди. РФ ҳукумати бу ҳудудларни ўз таркибига қўшиб олиш нияти ҳақида расман маълум қилмаган. Лекин амалда бу республикалар тўлиқ Москва назоратида.

Мавзуга оид