Ўзбекистон | 10:57 / 02.02.2023
12727
2 дақиқада ўқилади

Андижонлик Мухтасар: “Мен учун жуда қувончли кун бўлди”

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун водий вилоятларига ташрифини бошлади. Сафарнинг илк кунида давлат раҳбари Андижон вилоятининг Бўстон туманидаги тикувчилик корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари тикувчилик корхонасига ташрифи чоғида у ерда ишлаётган ёшлар билан ҳам мулоқот қилди. Президент билан суҳбатлашган қизлардан бири Мухтасар Адҳамжонова Kun.uz’га берган интервьюсида бугунги кундан жуда ҳаяжонда эканини билдирди.   

– Мен Адҳамжонова Мухтасар Аҳаджон қизи, Бўстон тумани касб-ҳунар мактаби 2-курс ўқувчисиман. Тикувчи йўналишида таълим оламан ва амалиётни ҳам ўз соҳамда олиб бораман. Корхонамизга давлат раҳбари ташриф буюришини эшитиб жуда ҳаяжонландик. Лекин президентимиз шахсан мен билан бевосита учрашиши ва суҳбатлашишини ҳечам ўйламагандим. Бугун мен учун жуда қувончли кун бўлди.

– Давлат раҳбари билан мулоқотингиз чоғида нималарни гаплашдингизлар?

– Президентимизда ёшларни руҳлантиришга, инновацион ғояларга ундашга, келажакка интилишни рағбатлантиришга жуда кучли иштиёқ сездим. Қисқа муддат гаплашган бўлсак ҳам ҳар бир сўзларининг маъносини аста-секин англаб етяпман. Давлат раҳбарига ҳокимлигимиз томонидан ташкил этилган “Таълим ва амалиёт бир маконда” дастури ҳақида сўзлаб бердим. Президентимиз бу ташаббусни қўллаб-қувватладилар.

– Атрофингиздаги дугоналарингиз сизга ҳавас қилишгандир?

– Нимасини айтасиз. Президентимиз кетганларидан кейин ҳамма атрофимни ўраб олди ва роса саволга тутишди. Ҳалигача телефонлар тинмаяпти. Лекин давлатимиз раҳбари вақт тиғизлигини айтиб, бошқа ҳамкасбларимизга ҳам салом йўллаб кетдилар. Умуман, ҳаммамиз учун бу учрашув ниҳоятда катта хурсандчилик бўлди.

Аброр Зоҳидов  суҳбатлашди.

Мавзуга оид