12:12 / 02.02.2023
20076

Исроил Ғазо секторига зарба берди

Исроил ҳарбийларига кўра, мамлакат ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳаво зарбалари нишони ҲАМАСнинг қурол ишлаб чиқарадиган заводлари бўлган.

Фото: MAHMUD HAMS/GETTY IMAGES

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари 2 февраль, пайшанбага ўтар кечаси Ғазо секторига ҳаводан зарба берди, дея хабар қилмоқда Reuters воқеа гувоҳларига таяниб. Қайд этилишича, бир неча соат аввал Исроил ҳарбийлари Ғазо секторидан Исроилга қарата отилган ракетани тутиб олган.

Жавоб зарбаси нишони, Исроил томонининг фикрича, ҲАМАС гуруҳининг қурол ишлаб чиқариш заводлари бўлган. Хабар эълон қилинган вақтда қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Айни пайтда, 1 февраль куни Исроилга уюштирилган ракета ҳужуми учун масъулиятни на ҲАМАС ҳаракати, на бошқа гуруҳлар ўз зиммаларига олгани йўқ.

31 январь куни Яқин Шарқ минтақасига амалий сафар билан борган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен январь ойида Исроилга уюштирилган икки ҳужумдан сўнг авж олган Фаластин-Исроил можаросини юмшатишга чақирди. Фаластин томонига кўра, бу фожиали воқеалардан олдин Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида Исроил ҳарбий рейди бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлган.

Ўша куни, 31 январь кечқурун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху CNN телеканалига берган интервьюсида Фаластин томони билан музокараларга «очиқ» эканлигини ва хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканини айтди. Шу билан бирга, у қисқа муддатда исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида узоқ муддатли тинчликка эришиш йўлида сезиларли тараққиёт кутилмаслигига ишора қилди. «Мен, албатта, улар ўзларини бошқариш учун тўлиқ ваколатга эга бўлишларини хоҳлайман, лекин бизга таҳдид соладиган куч бўлмаслиги керак», — деди Исроил раҳбари.

Top