13:25 / 02.02.2023
9295

Ўзбекистонда 45 мингдан ортиқ шахс ОИВ касаллиги билан яшаб келмоқда

Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори ўринбосари Гулифор Нормуродова тизимда 2022 йилда олиб борилган ишлар ҳамда жорий йилда режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Фото: Getty Images

Маълум қилинишича, одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) касаллиги билан бугунги кунда республикада 45 мингдан ортиқ шахслар яшаб келмоқда. Бу касаллик тузалмас дард бўлиб, шу инфекцияга чалинган беморлар умри охиригача вирусга қарши дори препаратларини қабул қилиб юриши зарур. 

Қайд этилишича, 20 январда қабул қилинган аҳоли орасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастурини амалга оширишга 120 млрд сўм ва 54 млн доллар йўналтирилади.

Дастур доирасида:

а) ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида:

ҳар йили камида 3 млн аҳоли текширувлар билан қамраб олинади ва бунинг учун 11,4 млн дона диагностик тест-тизимлари ҳамда 587 мингта диагностик воситалар, 50 минг нафар аҳолини махсус даволаш курслари билан қамраб олиш учун 22 турдаги ретровирусга қарши дори воситалари харид қилиш;

ОИВ инфекциясини онадан болага юқишига барҳам бериш мақсадида ОИВ инфекцияли оналардан туғилажак 2 минг нафардан ортиқ 6 ойгача бўлган болаларни қуруқ сут аралашмалари билан таъминлаш;

б) соғлиқни сақлаш тизими томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ОИВ инфекцияси юқиши эҳтимоли юқори гуруҳлар орасида профилактик тадбирлар ҳамда  аҳоли орасида кенг тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш;

в) 2023 йил 1 июнга қадар Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, йил якунига қадар эса бошқа ҳудудларда ФҲДЁ органлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида никоҳланувчи шахсларни ОИВ инфекцияси бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича электрон маълумот алмашинув тизимини жорий этиш;

г) 2023 йил якунига қадар ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатлар мониторингини таъминлаш, реал вақт режимида дори ва диагностик воситаларнинг ҳаракатланишини кузатиб бориш имконини берувчи электрон ахборот тизимини яратиш;

д) Республика ОИТСга қарши кураш маркази лабораториясини халқаро аккредитациядан ўтказиш ва ўтказилган текширувлар натижаларини халқаро миқёсида тан олинишига эришиш;

е) ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказлари ва уларнинг туманлараро лабораторияларининг моддий-техника базасини ривожлантириш, 

ж) мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш мақсадида камида 50 нафар тиббиёт ходимларини хорижга малака оширишга юбориш, ОИВ инфекцияси бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Top