10:28 / 02.02.2023
5206

Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳаси 1,9 баробарга ошди 

2017 йилдан бери электрон давлат хизматлари 368 тага етди. Таҳлиллар хусусий секторни жалб қилиш хизматлар соҳаси ўсишини рағбатлантирганини кўрсатмоқда.  

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари 2017-2022 йилларда Ўзбекистонда хизмат турларини ривожлантириш бўйича қилинган ишлар натижасини таҳлил қилди.

Институт таҳлил натижаларини Kun.uz’га тақдим этди. 

Хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожланиши иқтисодий ўсиш, аҳоли (айниқса ёшлар) бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини оширишда катта аҳамиятга эга. 

2022 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда хизматлар соҳаси ЯИМнинг 41,5 фоизини ташкил этди ва 2017-2022 йилларда соҳанинг реал ўсиш кўрсаткичи 1,9 маротаба ошди. 

Хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Хусусан: 

  • - “Электрон ҳукумат” тизими такомиллаштирилди ва умумий электрон давлат хизматлари сони 368 тага етди (2019 йилда — 173 та), улардан 242 таси тадбиркорлар учун мўлжалланган; 
  • - бизнесни рўйхатга олиш осонлаштирилди ва хизматлар соҳасидаги кичик тадбиркорлик субъектлари сони 2,2 баробар кўпайди (2017 йилда 128 мингта, 2022 йилда 325 мингта); 
  • - АКТ инфратузилмаси қарийб 6 баробар ва логистика тизими 1,2 баробар яхшиланди. Оптик толали алоқа линиялари узунлиги 2017 йилдаги 20,3 минг кмдан 2022 йилда 118 минг кмга етди. Ташилган юклар 2017 йилдаги 1146,2 млн тоннадан 2022 йилда 1398,9 млн тоннага етди. 

Замонавий хизматларни ривожлантиришда соҳага хусусий секторни жалб қилишнинг рағбатлантирилиши ўз самарасини берди ва таҳлил қилинган йилларда қуйидаги ўзгаришлар қайд этилди: 

  • - молия хизматлари 5,1 маротаба ошди. Хусусий ва хорижий банкларнинг соҳага жалб қилиниши уларнинг рақобатбардошлигини оширди ва 2022 йилнинг 1 декабр ҳолатига кўра HHI индекси 1016 гача пасайди (2018 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, 1520 га тенг бўлган); 
  • - ахборот ва алоқа соҳасидаги хизматлар 2,8 маротаба ошди. Халқаро маълумотларни узатиш тармоғининг ўтказувчанлик имконияти 2022 йилда 1800 Гбит/с гача ошди (2017 йилда 64,2 Гбит/с); 
  • - таълим соҳасидаги хизматлар 2,5 маротаба ошди. Хусусий мактабгача таълим муассасалари сони 833 тага (2017 йилда 250 та эди), давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасалари сони 1313 тага (2018 йилда 250 та), оилавий мактабгача таълим муассасалари сони 20676 тага (2018 йилда 579 та), нодавлат умумтаълим муассасалари сони 194 тага (2017 йилда 39 та), нодавлат олий таълим муассасалари сони 55 тага (2018 йилда 1 та), хорижий олий таълим муассасалари сони 30 тага (2017 йилда 7 та) етди ; 
  • - соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар 2,8 маротаба ошди ва ҳозирги кунда 7320 та хусусий тиббиёт муассасаси (улардан 5823 таси амбулатория, 1497 таси стационар) фаолият юритмоқда (2017 йилда 4000 та эди).
Top