09:21 / 04.02.2023
3088

Покистоннинг Ўзбекистондаги элчиси ўз миссиясини якунлаяпти

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов мамлакатда дипломатик миссиясини якунлаётган Покистон элчиси Сайид Али Асад Ғилонийни қабул қилди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Учрашувда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида олий ҳамда юқори даражадаги тадбирлар доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Элчи Бахтиёр Саидовга Женева шаҳрида бўлиб ўтган Покистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишининг самарали натижаларини қайд этди.

Покистон билан ҳамкорликнинг асосий йўналиши савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш бўлиб, бу соҳа сўнгги йилларда сезиларли даражада фаоллашмоқда. 2022 йилда товар айирбошлаш ҳажми 131 фоизга ошди, қўшма корхоналар сони 200 тага етди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари элчининг мамлакатдаги уч йиллик фаолияти муваффақиятли якунланганини қайд этиб, давлатлар ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

Сайид Али Асад Ғилоний Покистоннинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари сифатидаги фаолиятида ҳар томонлама ёрдам кўрсатилгани учун миннатдорлик билдирди.

Top