Иқтисодиёт | 14:34 / 20.01.2026
1687
2 дақиқада ўқилади

Карачи порти орқали Ўзбекистон маҳсулотлари транзити оширилади

Покистоннинг The World News электрон нашри Ўзбекистон ва Покистон ўртасида саноат, инвестиция ва логистика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган музокаралар бўлиб ўтгани ҳақида мақола эълон қилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.

Фото: worldnewsam.com

Нашрда таъкидланишича, томонлар Хунжераб довони орқали Покистон–Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон халқаро транспорт йўлаги доирасида транспорт алоқаларини ривожлантириш ҳамда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилган.

Музокаралар Ўзбекистон делегациясининг Покистонга ташрифи доирасида, Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳрух Ғуломов ҳамда Покистон Миллий логистика корпорацияси (NLC) бош ижроия директори Шоаиб Аҳмад Хон ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ўтказилган.

Ташрифнинг асосий мақсади саноат, инвестиция ва логистика соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятларини ўрганиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасида транзит боғлиқликни мустаҳкамлашдан иборат бўлган.

Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида Карачи порти имкониятлари билан танишган. Порт инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда транзит йўналишларини кенгайтириш ва Ўзбекистон маҳсулотларининг халқаро бозорларга чиқишини осонлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинган. Ташриф якунларига кўра, томонлар минтақавий транспорт боғлиқлигини яхшилашга қаратилган қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш ва маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олган.

Мақолада келтирилишича, 2025 йил январ–ноябр ойларида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо айланмаси 434,4 млн АҚШ долларини ташкил этган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан (371,5 млн доллар) 16,9 фоизга ошган. Шунингдек, 2023 йилнинг мос даврида қайд этилган 356,0 млн доллар билан солиштирганда, ўсиш 22 фоизни ташкил этгани таъкидланган.

Нашр хулосасида ушбу рақамлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар барқарор равишда кенгайиб бораётганини кўрсатиши қайд этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид