Ўзбекистон | 09:50 / 05.02.2023
67463
6 дақиқада ўқилади

Афғонистон Ўзбекистондан темирйўл қатновини тўхтатиб қўйди. Муаммо нимада?

Афғонистон импортининг тенг ярмига яқин қисми Ҳайратон орқали ўтади. Айни пайтда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида темирйўл орқали ташувлар тўхтаб қолган. Натижада гуманитар инқироз шароитида яшаётган афғон халқи учун зарур халқ истеъмол моллари юкланган икки мингдан ортиқ вагонлар чегарадан ўтолмай турибди.

Фото: Kun.uz

Жорий йил 1 февралидан Ўзбекистондан Афғонистонга темирйўл қатнови вақтинча тўхтатилди. «Ўзбекистон темирйўллари» бунга икки давлат ўртасида тузилган шартнома ўз вақтида бажарилмагани сабаб бўлганини маълум қилди.

Қайд этилишича, 2022 йил 26-30 декабр кунлари Термиз шаҳрида ўтказилган икки томонлама музокаралар давомида 2023 йил 1 февралига қадар Афғонистон ҳудудидаги техник ишлар босқичма-босқич Афғон темирйўллари ишчилари томонидан амалга оширилиши бўйича «Ҳаракатлар режаси»га келишилган.

Шунингдек, «Ўзбекистон темирйўллари» таркибига кирувчи «Сўғдиёна Транс» ШК ва Афғонистон темирйўл бошқармаси ўртасида томонлар бажарадиган ишлар рўйхати белгиланган ва 27 январга қадар янги шартнома имзоланиши кўзда тутилган. Бироқ Афғонистон темирйўл бошқармаси келишилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошира олмаётгани сабабли 1 февралдан қатновлар вақтинча тўхтатилган.

«Ўзбекистон темирйўллари» ҳолат юзасидан қўшимча маълумот беришича, янги шартнома шартлари Афғонистон темирйўллари бошқармаси раҳбари томонидан янгидан шарҳланиши ва маҳаллий ОАВда Ўзбекистон томонини айблашга ҳаракат қилинаётгани тушунарсиз вазиятни юзага келтирмоқда.

«Афғонистон томонидан Ҳайратон станциясида амалга оширилиши лозим бўлган техник ишлар белгиланган муддатда бажарилмагани тўғрисида ҳеч қандай тушунтириш берилмаяпти.

Ҳайратон станциясига етказиб берилган вагонларни бўшатиш ва қайтариш ишларини ташкил этиш учун Афғонистон темирйўл бошқармаси «Мансур Фатиҳ» компанияси билан шартнома имзолагани тўғрисида маълумот тарқатилган. Ушбу ташкилот станцияда келишилган муддатда ишларни ташкиллаштиришга улгурмаган», дейилади «Ўзбекистон темирйўллари» баёнотида.

«Ҳайратон – Мозори-Шариф» темирйўл линияси ҳақида

Узунлиги 75 км, лойиҳа қиймати 129 млн доллар бўлган «Ҳайратон – Мозори-Шариф» темирйўли «Ўзбекистон темирйўллари» томонидан 2010 йил ноябр ойида қуриб битказилган. Уни бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини 2011 йил декабридан бери «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ шуъба корхонаси «Сўғдиёна Транс» амалга ошириб келмоқда. Ўтган 12 йил давомида Афғонистон темирйўллари лойиҳадан 315 млн доллар қийматида даромад олган. Бундан ташқари, ушбу темирйўл линияси орқали Афғонистонга бир неча минг тонналаб гуманитар ёрдам, озиқ-овқат, нефт, буғдой, металл ва халқ эҳтиёжи учун бошқа зарур товарлар ва саноат маҳсулотлари етказиб берилган.

Афғонистон импорт ва экспортининг асосий қисми, шунингдек, гуманитар юкларнинг салмоқли қисми ҳам айнан Ҳайратон орқали ўтади.

Шартнома муддатини узайтиришга нима тўсқинлик қилмоқда?

Термиздаги учрашув давомида икки тараф тузилган шартнома муддатини 2023 йилнинг 31 декабрига қадар узайтириш юзасидан музокаралар олиб борган ва келишув лойиҳаси ишлаб чиқилган. Аммо бугунги кунга келиб қуйидаги бир қанча омиллар янги шартнома имзоланишига тўсқинлик қилаётган бўлиши мумкин:

  • Афғонистон техник гуруҳи вакиллари шартнома шартларида халқаро темирйўл ташувлари нормаларига тўғри келмайдиган бандларни киритишга уриниши;
  • халқаро ҳуқуқ нормалари бузилиши;
  • юк ва вагонлар бутлигини сақлаш, уларни суғурталаш юзасидан Ўзбекистон томони киритган бандларни олиб ташлаш талаби;
  • шартнома бандларида келтирилган нарх ва ставкаларни охирги муддати тугаган шартнома даражасидан ҳам пастга тушириш.

Қолаверса, Афғонистон темирйўлларининг халқаро темирйўл ташкилотларига тўлиқ аъзолик ҳуқуқи йўқлиги инобатга олинса, барча молиявий ва хуқуқий масъулият «Ўзбекистон темирйўллари» зиммасида сақланиб қолаётганини ҳам эътиборга олиш лозим.

Айни пайтда икки давлат ўртасида темирйўл орқали ташувлар тўхтаб қолган. Бундан нафақат ўзбекистонлик ёки бошқа хорижий давлатлар тадбиркорлари, балки биринчи галда афғон халқи, афғон тадбиркорлари ва пировардида ушбу давлатнинг ўзи зарар кўрмоқда. Хусусан, гуманитар инқирозни бошидан ўтказаётган афғон халқи учун зарур халқ истеъмол моллари юкланган 2000 (икки минг)дан ортиқ вагонлар чегарада туриб қолган.

Афғонистонлик тадбиркорлар ҳам агар темирйўл очилмаса, мамлакатдаги товарлар нархи кескин ошиб кетиши мумкинлигини айтишмоқда.

Афғонистон томони бошқа компаниялар билан ҳам музокаралар олиб бораётган бўлиши мумкин

Ижтимоий тармоқларга сиздирилган маълумотларга кўра, Афғонистон томони «Сўғдиёна Транс» ўрнига қозоқ ва украин компаниялари билан музокаралар олиб бормоқда.

Хусусан, ўтган йил охирида Ўзбекистон қурган ва хизмат кўрсатиб келган «Ҳайратон – Мозори Шариф» темирйўлини бошқариш ҳуқуқи Қозоғистоннинг «Мансур Фатиҳ» компанияси ихтиёрига ўтгани ҳақидаги хабарлар чиққанди.

Афғонистон темирйўллари бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Бахтулраҳмон Шарафат бу борада изоҳ берганди.

«Биз шу пайтгача «Сўғдиёна Транс» ШК компаниясига 15 миллион доллар тўлаб келардик ва улар Ҳайратон портидаги 22 километр йўлга хизмат кўрсатарди. Янги компания эса 106 километр йўлга хизмат кўрсатади. Афғонистон томони уларга йилига 4,1 миллион доллар тўлайди», дея унинг сўзларини келтирганди Тolo News.

«Ўзбекистон темирйўллари» эса ушбу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилганди

Мавзуга оид