Жаҳон | 15:09 / 07.02.2023
14391
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ: 23 миллион киши зилзиладан жабрланди

Туркия жануби-шарқида ва Сурия шимолида содир бўлган кучли зилзила қурбонларининг расмий сони 5 мингдан ошди. Қутқарув ишларига оғир об-ҳаво шароити тўсқинлик қилмоқда.

Фото: Getty Images

Туркия жануби-шарқида ва Сурия шимолида содир бўлган кучли зилзила натижасида 23 миллионга яқин одам, жумладан, 5 миллион ижтимоий ҳимояси заиф бўлган фуқаролар жабр кўрди. Бу ҳақда 7 февраль, сешанба куни Женевада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Адельхайд Маршанг маълум қилди.

Туркия ҳукумати, ўз навбатида, мамлакатда зилзиладан бевосита жабрланганлар сонини 13,5 миллион киши деб баҳолаган. Вайроналар остида қолганларни қидириш ва зилзила оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда, деди атроф-муҳит ва шаҳарсозлик вазири Мурат Курум. Унинг сўзларига кўра, зиён кўрган ҳудудларда йўллар вайрон бўлган, бу эса қутқарув ишларини мураккаблаштиради. «Бу оғриқни таърифлаб бўлмайди», деди Курум ва аввалги зилзилалардан сўнг қутқарувчилар 100 соатдан кейин ҳам қулаган бинолар остида тирик одамларни топганини эслади. 

Айни пайтда, Туркия ва Сурияда сўнгги ўн йилликлардаги энг кучли зилзила қурбонлари сони 5000 дан ошди. Туркия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, бу мамлакатда табиий офат қурбонлари сони 3419 кишига етган. Вице-президент Фуад Ўқтой 20 мингдан ортиқ киши жароҳат олганини маълум қилди. Сурияда, расмий маълумотларга кўра, камида 1602 киши ҳалок бўлган, 2000 га яқин киши жароҳатланган. 

Туркиядаги қутқарув ишларига ноқулай об-ҳаво шароити тўсқинлик қилмоқда. Метеорологлар кучли қор, ёмғир ёғиши, шунингдек, ноль даража ҳарорат фонида кучли шамол давом этишини тахмин қилмоқда. Энг кўп жабрланган учта вилоятга – Хатай, Қаҳраманмараш ва Адияманга киришга фақат қутқарувчилар ва гуманитар ташкилотларнинг транспорт воситаларига рухсат берилган. Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармаси - AFAD маълумотларига кўра, мамлакатда камида 5775 та бино вайрон бўлган. 6 февраль куни эрта тонгда содир бўлган зилзиладан сўнг 258 та ер силкиниши (такрорий силкинишлар) қайд этилди, деди бошқарма вакили. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид