Ўзбекистон | 15:15 / 07.02.2023
16396
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳукумати афғон тадбиркорларини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда

Афғонистон томони темирйўлни тўсиб қўйиб, вагонларни ўтказмаётган бўлса-да, Ўзбекистон ҳукумати юкларни автомобиллар орқали белгиланган манзилга етказишда афғон тадбиркорларига амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг 1 февралидан Ўзбекистондан Афғонистонга темирйўл қатнови вақтинча тўхтатилгани хабар қилинганди. «Ўзбекистон темирйўллари» бунга икки давлат ўртасида тузилган шартнома ўз вақтида бажарилмаганини асосий сабаб сифатида келтириб ўтди. Хусусан, Афғонистон ҳудудидаги техник ишлар босқичма-босқич афғон темирйўллари ишчилари томонидан амалга оширилиши бўйича «Ҳаракатлар режаси» келишилган бўлса-да, зарур чора-тадбирлар ўз вақтида бажарилмаган.

Бу эса ўз навбатида Афғонда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бозорларда бирламчи истеъмол маҳсулотлари нархи кескин ошиб бораётгани аҳоли орасида норозиликларга сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, маҳаллий тадбиркорлар экспорт юкларининг сифати бузилганидан катта зарар кўрганларини таъкидлашмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, икки давлат ўртасидаги темирйўл орқали ташиладиган юклар оқими тўхтаб қолишининг олдини олиш ва афғон тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзбекистон темирйўллари» юкларни автомобиллар орқали белгиланган манзилга етказишни ташкиллаштирган.

Афғон тадбиркорлари кўрилган ушбу чора-тадбирлардан мамнунлигини, юклари ўз вақтида етиб келаётгани ва бораётганини таъкидлашмоқда.

Ҳозирда афғон тижоратчилари ўз юкларини автомобиллар орқали олиб кетишлари давом этмоқда.

Маълумот учун, Афғонистон импорт ва экспортининг асосий қисми, шунингдек, гуманитар юкларнинг салмоқли қисми айнан Амударё устидаги Ҳайратон кўприги орқали ўтади. Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида темирйўл орқали ташувлар тўхтаб қолиши эса афғон халқи учун зарур халқ истеъмол моллари юкланган вагонлар чегарада тўхтаб қолишига сабаб бўлмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид