08:00 / 07.02.2023
12210

Европа Иттифоқи Туркия ва Сурия учун ёрдам механизмини ишга туширди

Интеграциялашган сиёсий инқирозга жавоб бериш (IPCR) тизими ҳозирда тўртта инқироз учун фаоллаштирилган: Украинадаги уруш, коронавирус пандемияси, миграция ҳамда Туркия ва Суриядаги зилзилалар.

Фото: AP

Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилаётган Швеция Туркия ва Суриядаги зилзила муносабати билан Европа Иттифоқининг табиий офатларга энг юқори жавоб бериш тизими – Интеграциялашган сиёсий инқирозга жавоб бериш (IPCR) механизмини жорий этиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда 6 февраль, душанба куни ЕИ кенгаши сайтида маълум қилинди.

Бундай механизм Европа Иттифоқи мамлакатлари, институтлари ва бошқа томонлар даражасида қарор қабул қилишни осонлаштириш ва тезлаштириш учун ишлаб чиқилган. Эрта тонгда Европа фуқаролик мудофааси механизми ишга туширилди. Эндиликда IPCR доирасида юқори даражадаги амалдорлар зилзила қурбонларига ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштиришга жалб этилади.

Брюссел ўндан ортиқ қидирув-қутқарув гуруҳларини сафарбар қилди, хариталаш хизматларини кўрсатиш учун ўзининг Copernicus сунъий йўлдош тизимини фаоллаштирди ва Суриядаги жабрланганларни гуманитар ёрдам дастурлари орқали қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди, деди Европа комиссияси вакили.

Европа кенгаши веб-сайтида қайд этилганидек, Туркия ва Суриядаги зилзила худди шундай механизм жорий қилинган тўртинчи фавқулодда ҳолат. Аввалгилари Россиянинг Украинага бостириб кириши, коронавирус пандемияси ва миграция муаммолари билан боғлиқ.

Туркияда 6 февраль куни эрта тонгда 7,8 магнитудали биринчи зилзила қайд этилган эди. Зарбалар натижасида Туркиянинг бир қанча минтақаларида ва қўшни Сурияда кенг кўламли вайронагарчиликлар юз берди. Ҳар хил интенсивликдаги силкинишлар кун давомида давом этди.

Туркия расмийларига кўра, душанба оқшомига қадар мамлакатда зилзила оқибатида 2379 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, яна 15 мингга яқин киши жароҳатланган. Сурияда камида 1444 киши ҳалок бўлди, 3530 киши жароҳатланди, деб хабар беради AFP агентлиги. АҚШ Геология хизмати бу мамлакатда сўнгги юз йил ичида содир бўлган энг кучли зилзилалардан бири бўлганини таъкидлади. У 1939 йилда Туркияда содир бўлган 7,8 магнитудали зилзила билан солиштирилди. Ўшанда 30 000 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Мавзу
Туркияда вайронкор зилзила
6 феврал тонгида Туркия жануби-шарқида рўй берган 7,8 балли зилзила минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетди.
Барчаси
Top