Иқтисодиёт | 22:06 / 08.02.2023
45000
2 дақиқада ўқилади

Электр ва газ тарифларини эркинлаштириш май ойида юз бериши мумкин

Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроевнинг маълум қилишича, электр энергияси ва газ нархларини эркинлаштириш жорий йилнинг май ойига мўлжалланмоқда.

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг май ойидан Ўзбекистонда электр энергияси ва газ нархлари эркинлаштирилиши мумкин. Бу ҳақда Марказий банки раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев Gazeta.uz’га берган интервьюсида айтиб ўтган.

“Либераллаштириш май ойида бошланиши мумкин. Бу инфляция прогнозига киритилган”, деган у.

Аввалроқ, Марказий банк томонидан эълон қилинган “Пул-кредит сиёсатининг 2023 йил ва 2024-2025 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”га кўра, асосий сценарийда электр энергияси ва газ нархлари босқичма-босқич бозор нархларига яқинлаштирилиши, муқобил сценарийда эса электр энергияси ва табиий газ нархлари инфляция даражасида индексация қилиб борилиши кўзда тутилганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда табиий газ ва электр энергияси тарифлари сўнгги бор 2019 йил август ойида ошганди. Ўтган йили ҳукумат 1 июлдан электр ва газ бўйича табақалаштирилган тарифларни жорий этмоқчи бўлганди. Лекин бу қарор қабул қилинмади.

Энергетикага бюджетдан субсидиялар “халққа ёрдам бўлиши” учун жорий қилингани иддао қилинса-да, мутахассисларнинг фикрича, бундай тизим соҳа ривожланишига тўсиқ бўлиб қолаверади.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2022 йил якуни бўйича парламентга мурожаатида энергетика инқирози масаласига тўхталиб, биринчи марта тарифларни табақалаштириш ҳақида гапирганди. Яъни муайян лимитдан кўпроқ газ ва электр ишлатадиган бадавлат қатлам бозор нархида тўлаши керак, чунки бу ресурслар давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия ҳисобига арзон сотилади. Шавкат Мирзиёев табақалаштирилган тарифларга ва умуман эркин бозорга ўтиш босқичма-босқич бўлишини таъкидлаганди.

Мавзуга оид