Жаҳон | 14:00 / 08.02.2023
32555
4 дақиқада ўқилади

Фото: АҚШ Хитой ҳаво шари қолдиқларини намойиш этди

Пентагондагилар бу катта жосуслик дастурининг бир қисми эканини айтмоқда.

Фото: US FLEET FORCES COMMAND

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари ўтган ҳафта охирида АҚШ ва Канада ҳудуди устидан ғарбдан шарққа учиб ўтган ва кейинроқ уриб туширилган Хитой дирижаблининг қолдиқлари суратларини эълон қилди.

4 феврал куни дирижабл Жанубий Каролина штати қирғоқлари яқинидаги Атлантика океани осмонида уриб туширилди. Ўшандан бери ғаввослар максимал миқдорда қолдиқларни тўплаш ва бу орқали шарнинг техник имкониятлари ва мақсадини ўрганиш учун океаннинг энг тубигача тушмоқда.

Гарчи Пекин дирижабл соф фуқаролик (гўёки метеорологик) мақсадлар учун мўлжаллангани ва шамол уни АҚШ томон олиб кетганини айтаётган бўлса-да, Вашингтон ушбу ҳаво шари разведка маълумотларини йиғиш учун учирилганини айтиб, унинг парвози Америка суверенитетини бузиш эканини таъкидламоқда.

3 феврал куни, дирижабл ҳали ҳавода пайти, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Хитойга анча олдин режалаштирилган сафарини номаълум муддатга қолдирганди.

The Washington Post газетасининг разведка ҳамжамиятидаги аноним манбаларга таянган ҳолда ёзишича, АҚШ разведка идоралари дирижаблни Хитой Халқ озодлик армияси бошчилигидаги янада каттароқ разведка маълумотларини йиғиш дастури билан боғлаган.

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонлиги томонидан Facebook тармоғида эълон қилинган суратларда катта қолдиқларнинг сувдан қайиққа олиб чиқилаётганини кўриш мумкин. Постда айтилишича, қолдиқларни кўтариш билан флотнинг портловчи моддалар бўйича мутахассислари шуғулланмоқда.

АҚШ расмийларининг сўзларига кўра, дирижабл тахминан 60 метр баландликда бўлган, унинг савати ҳажми бўйича ўрта масофага учувчи самолёт билан деярли тенг бўлиб, оғирлиги юзлаб, балки минглаб килограммни ташкил қилган.

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари маълумотларига кўра, қолдиқларни кўтариш ишларида иккита кема иштирок этмоқда, улардан бири оғир юкларни кўтарувчи кучли кран билан жиҳозланган. Шунингдек, қолдиқларни қидириш учун сувости транспорт воситалари ҳам ишлатилмоқда.

Пентагоннинг 7 феврал куни маълум қилишича, Хитой АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг хитойлик ҳамкасби билан телефон орқали суҳбат ўтказиш сўровини рад этган. Хитой ҳозирча бу баёнотга изоҳ бермади.

The Washington Post газетасининг ёзишича, айни вақтда разведка идоралари сўнгги йилларда юз берган яна бир нечта шунга ўхшаш воқеаларни аниқлаган (улар кўпинча эътибордан четда қолган) ва Хитойда дирижабллар ёрдамида разведка маълумотларини йиғиш бўйича бутун бир дастур мавжуд деган хулосага келган.

Гарчи Хитой айғоқчи сунъий йўлдошлари ҳам шунга ўхшаш имкониятларга эга бўлса-да, ҳаво шарлари кузатув объекти устида анча узоқроқ вақт туриши мумкин. Дирижабллар юқори аниқликдаги рақамли камералар билан жиҳозланган.

Фото: US FLEET FORCES COMMAND

Хитой 2018 йилдан бери ўнлаб шундай ҳаво шарларини учирган. Нишон нафақат АҚШ, балки унинг Шарқий Осиёдаги ҳамкорлари ва иттифоқчилари — Япония, Ҳиндистон, Виетнам, Тайван ва Филиппин бўлган.

«АҚШ Давлат котиби ўринбосари Венди Шерман 6 феврал куни 40 иттифоқчи ва ҳамкор давлатдан бўлган тахминан 150 га яқин дипломатни разведка маълумотлари билан таништириш учун брифинг ўтказган», деб ёзади Washington Post.

6 феврал куни Хитой яна бир фуқаролик мақсадларидаги шар ҳавода экани ва ўз йўналишидан чиқиб кетганини тан олди. Колумбия қуролли кучлари 3 феврал куни ушбу ҳаво шарини ўз ҳаво ҳудудида кўрганини хабар қилган.

Мавзуга оид