Ўзбекистон | 15:12 / 08.02.2023
15663
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метросида Қўйлиқдан Сергелигача 15 дақиқада бориш мумкин бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни Тошкент метрополитенидаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент ерусти метросининг биринчи босқичи ва Сергели йўналишини боғловчи Қўйлиқдан Сергелигача бўлган метрополитен барпо этилмоқда. Қарийб 12 километрлик бу қисмда 7 та бекат бўлади. Айни кунларда унинг Қурувчилар даҳасигача борган 5 та бекати қуриб битказилди. Давлат раҳбари ушбу транспорт иншоотини бориб кўрди. 

- Охирги йилларда бу борада ҳам тажриба тўпладик. Қўйлиқ йўналишида 7 та, Сергелида 5 бекатли ерусти метролари қурилди. Олдин Тошкент метрополитенидан 240 минг йўловчи фойдаланган бўлса, бугунги кунда 600 мингдан ошди. Режамиз - 1 миллион йўловчи. Агар ўз вақтида буни бошламаганимизда, шаҳар транспортида коллапс бўлиши мумкин эди. Энди муқобил энергетикани ҳам ўрганмасак бўлмайди, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президент жамоатчилик вакиллари билан бирга метрода юрди.

Қурувчилар даҳасидан Қипчоқ бекатигача бўлган қарийб 4 километрлик метро йўли ҳам яқин ойларда ишга туширилади. Шу тариқа, Қўйлиқ ва Сергели орасидаги қатнов вақти 15 дақиқани ташкил этади. Мазкур йўналиш бир кунда 40 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.

Бунинг эвазига шахсий транспортларга эҳтиёж камайиб, тирбандлик бартараф этилади. Хусусан, Қўйлиқ – Сергели йўналишида ҳаракатланадиган кунлик автомобиллар сони 40 мингтагача қисқариб, транспорт оқими 12 фоиз камайиши мумкин.

Ушбу босқич қуриб битказилиши билан Тошкент метрополитенининг жами узунлиги 70 километрдан зиёд, бекатлар сони 50 та бўлади. Метрода юрувчи кунлик йўловчилар сони 650 минггача етади. 245 та янги иш ўрни яратилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид