Жаҳон | 11:44 / 09.02.2023
8991
4 дақиқада ўқилади

Журналистлар Роскомнадзор интернетда россияликларни қандай кузатишини ўрганди

Беларус ҳакерлари ўтган йили Роскомнадзор тузилмаларидан бирининг ички тармоғига бузиб киришган. Сиздирилган материаллар назорат органидан цензура идорасига айланган Россия медиарегуляторининг ишига ойдинлик киритади. 

Фото: ТАСС

8 февраль, сешанба куни қатор нашрларнинг тадқиқотчи журналистлари Роскомнадзорга бўйсунувчи «Бош радиочастота маркази» ходимларининг иш файллари ва ёзишмалари таҳлилини эълон қилди. Бу ҳақда ОАВга 2022 йил ноябрида ташкилотнинг ички тармоғини бузиб, икки терабайтдан ортиқ ҳужжатларни юклаб олишга муваффақ бўлган Беларуснинг «Киберпартизанлар» ҳакерлар гуруҳи хабар берди. 

Ушбу маълумотлар тўплами бўйича текширувлар «Система» («Настоящее время» ва «Озодлик радиоси»нинг рус тилидаги янги тадқиқот лойиҳаси), «Медиазона», «Агентства», шунингдек, «Важные истории» ва Süddeutsche Zeitung томонидан эълон қилинди. Журналистлар сизиб чиққан маълумотларни ўрганиб, Роскомнадзорнинг ушбу кўзга кўринмас тузилмаси россияликларнинг интернетдаги умумий давлат кузатувида муҳим роль ўйнайди деган хулосага келишди. 

«Система» суриштирувига кўра, «Бош радиочастота маркази» ходимлари Украинадаги уруш мавзусида давлат цензурасида бевосита иштирок этадилар. Улар мустақил Россия оммавий ахборот воситалари ва алоҳида журналистларни қоралайдилар. Агар улар россиялик ҳарбийларнинг жиноятларига оид маълумотномаларни топсалар, уларни зудлик билан «ўчириш учун» «Яндекс»га юборадилар. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда босиб олинган Украина ҳудудларидаги кайфият ҳам таҳлил қилинади.

Мониторинг хизмати интернетда эълон қилинган «Владимир Путин ҳақидаги салбий фикрлар», жумладан, ижтимоий тармоқлардаги постлар ва Россия президенти «соғлиғининг оғир аҳволи» мавзусидаги материалларни алоҳида ўрганади. Мутахассислар сунъий интеллектни Путинга қарши «ҳақорат»ли постларни излаш ва президентни акс эттирувчи карикатураларни аниқлаш учун ўргатмоқда. Фуқароларни кузатишни соддалаштириш учун «Бош радиочастота маркази» «ярим махфий» мессенжерни ишлаб чиқди, ундан бутун куч блоки ходимлари фойдаланади. 

Таъкидланганидек, «Бош радиочастота маркази» ходимлари «хорижий агентларга» қарши репрессияларда бевосита иштирок этиб, 2021 йилнинг иккинчи ярмида аҳоли, ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларига ушбу мақомни оммавий равишда беришдан анча олдин Адлия вазирлигига маълумотномалар тайёрлаган. «Важные истории» маълумотларига кўра, «Бош радиочастота маркази»да жами 804 та «хорижий агентлар» рўйхати тузилган бўлиб, ундаги 139 нафар шахс реестрга киритилган.

«Бош радиочастота маркази» нейронтармоқлар асосида бир вақтнинг ўзида россияликлар учун бир нечта кузатув тизимларини ишлаб чиқмоқда. Бу тизимлар «одамлар оммавий йиғинлари» акс этган видеолардаги одамларнинг юзларини танийди, интернетда «норозилик кайфиятлари», «анъанавий қадриятларни обрўсизлантириш» ва «президент ҳақидаги фейклар»ни топади. Кузатувни оптималлаштириш учун «Бош радиочастота маркази» ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳақиқий саҳифаларига ўхшаши учун ўзининг «ботлар фермасини» яратади. 

Ходимлар ҳозирча «муаммоли» маълумотларни асосан қўлда қидиряпти ва қайта ишлаяпти. Бироқ, ишга нейронтармоқларни жалб қилиш аллақачон бошланган ва уларни ўқитиш учун бошқа нарсалар қаторида «Яндекс»нинг «Толока» платформаси ишлатилган. Материалда айтилишича, «Яндекс»нинг «Бош радиочастота маркази» фаолиятидаги иштироки унчалик катта эмас, аммо Москва физика-техника институти ва Brand Analytics марказ билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид