Жаҳон | 08:34 / 09.02.2023
8399
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россияда компанияларга даромад солиғи оширилиши кутиляпти

Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи компаниялар учун даромад солиғини оширишни таклиф қилди. Белоусовнинг айтишича, расмийлар бизнес билан «бир марталик ихтиёрий бадал»ни муҳокама қилмоқда.

Фото: РИА Новости

Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи (РСТИ) Михаил Мишустин ҳукумати олишни талаб қилаётган 200-250 миллиард рубль миқдоридаги маблағ билан бюджетни тўлдириш учун 2023 йилда Россия компанияларининг 20 фоизлик даромад солиғини 0,5 фоиз пунктга оширишни таклиф қилди. Бу ҳақда 8 февраль, чоршанба куни The Bell хабар берди.

Унинг манбасига кўра, бюджетни тўлдириш ғояси муаллифи молия вазири Антон Силуановдир. Ушбу масала бўйича бизнес билан ёпиқ учрашувларни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов ўтказмоқда, бу ҳақда The Bell нашрига яна бир манба маълум қилди.

Айни пайтда, «Интерфакс» хабар беришича, Белоусов журналистларга расмийлар бизнес билан 2022 йилда олинган фойдадан «бюджетга бир марталик ихтиёрий бадал»ни муҳокама қилаётганини айтди.

«Ўтган йили молиявий натижалар жуда яхши бўлди ва кўплаб компанияларда, айниқса йилнинг биринчи ярмида, биринчи уч чоракда натижалари ижобий бўлди», дейди у. «Ҳозир бу мавзу муҳокама қилинмоқда», — дея қўшимча қилди бош вазир ўринбосари. Унинг сўзларига кўра, гап солиқ ставкаларини ошириш ҳақида кетмаяпти.

Bloomberg агентлигининг 6 январь куни хабар беришича, Украинага қарши урушга сарфланадиган харажатлар ортиб бораётгани муносабати билан Россия ҳукумати ўғит ва кўмир қазиб олувчи компаниялардан «бир марталик пул» олишга, шунингдек, мудофаадан ташқари харажатларни қисқартиришга қарор қилган.

Агентлик манбаларига кўра, Россия ҳукумати давлат компаниялари учун соф фойданинг 50 фоизидан ортиқ миқдорида дивидендлар белгилаш ниятида ва бу чора доимий эмас, бир марталик бўлиши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид