Ўзбекистон | 07:55 / 10.02.2023
2259
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон авиа юк ташувлари соҳасида E-freight стандарти жорий этилади

Транспорт вазирлигида Ўзбекистон авиа юк ташувлари соҳасида E-freight халқаро стандартини жорий этишни жадаллаштириш масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Фото: Uzbekistan Airways

E-freight халқаро стандартини жорий этишдан мақсад мамлакатда ҳаво транспортида юк ташувлари рақобатбардошлигини ошириш, «Ягона дарча» тамойили асосида идоралараро маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш орқали бизнес жараёнларини соддалаштиришдан иборат.

Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари авиа юк ташувлари соҳасида ҳужжатларни электрон расмийлаштириш ва кузатиб боришнинг E-freight халқаро стандартини жорий этиш йўналишидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан фикр алмашди.

Халқаро авиация транспорти бирлашмаси тавсиясига мувофиқ ҳаво транспортида юкларни электрон расмийлаштириш ва кузатиш E-freight стандартини жорий этиш бизнес жараёнларини соддалаштиришга, харажатларни камайтиришга ва маълумот алмашинувини тезлаштиришга қаратилган халқаро тармоқ дастурининг бир қисмидир.

Ушбу стандартнинг жорий этилиши ишончлилик даражаси ошишига, юкларни етказиб бериш вақтини ҳамда авиа юк ташувлари жараёнида ҳужжатларни электрон расмийлаштириш ва кузатиб бориш харажатларини қисқартиришга хизмат қилади. Назорат қилувчи органлар учун ахборот хавфсизлиги ва ишончлилигини оширишни таъминлайди.

Учрашув давомида илғор хорижий мамлакатларда ҳаво транспортида юк ташувларини расмийлаштириш жараёнида қўлланаётган электрон платформаларнинг иш фаолияти юзасидан тақдимотлар ўтказилди. E-freight'ни татбиқ этишни жадаллаштириш механизми ишлаб чиқилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид