14:26 / 10.02.2023
10501

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида темирйўл орқали юк ташиш тикланди

Афғонистон темирйўл бошқармаси ва «Сўғдиёна Транс» ўртасида Ҳайратон−Мозори-Шариф темирйўли эксплуатациясини давом эттириш бўйича янги шартнома имзоланди. Мамлакатлар ўртасидаги қатнов шартнома ўз вақтида бажарилмагани сабабли тўхтатилганди.

Фото: Ўзбекистон темирйўллари

Ўзбекистон ва Афғонистон темирйўллари ўртасида юклар ташуви тикланди. Бу ҳақда Ўзбекистон темирйўллари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жорий йилнинг 8-10 феврал кунлари Термиз шаҳрида Афғонистон темирйўллари бошқармаси раҳбари Байтурраҳмон Шарофат бошчилигидаги афғон делегацияси билан учрашув ўтказилди.

Учрашув натижасида Афғонистон темирйўл бошқармаси ва «Сўғдиёна Транс» ШК ўртасида «Ҳайратон – Мозори-Шариф» темирйўлини эксплуатация қилишни келгусида давом эттириш бўйича янги шартнома имзолашга келишилди.

Шу билан бирга, томонларнинг келишувига кўра, Афғонистон томонига йўналтирилган вагонларни «Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг «Сўғдиёна Транс» ШК томонидан Ҳайратон станциясига етказиб бериш жорий йилнинг 10 февралидан қайта тикланди.

Музокаралар якунида эришилган келишувлар бўйича баённома имзоланди.

Жорий йил 1 февралидан Ўзбекистондан Афғонистонга темирйўл қатнови вақтинча тўхтатилганди. «Ўзбекистон темирйўллари» бунга икки давлат ўртасида тузилган шартнома ўз вақтида бажарилмагани сабаб бўлганини маълум қилди.

Узунлиги 75 км, лойиҳа қиймати 129 млн доллар бўлган «Ҳайратон – Мозори-Шариф» темирйўли «Ўзбекистон темирйўллари» томонидан 2010 йил ноябр ойида қуриб битказилган. Уни бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини 2011 йил декабридан бери «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ шуъба корхонаси «Сўғдиёна Транс» амалга ошириб келмоқда. 

Ўтган 12 йил давомида Афғонистон темирйўллари лойиҳадан 315 млн доллар қийматида даромад олган. Бундан ташқари, ушбу темирйўл линияси орқали Афғонистонга бир неча минг тонналаб гуманитар ёрдам, озиқ-овқат, нефт, буғдой, металл ва халқ эҳтиёжи учун бошқа зарур товарлар ва саноат маҳсулотлари етказиб берилган.

Top