Ўзбекистон | 16:19 / 12.02.2023
14833
6 дақиқада ўқилади

5 йил ичида ҳарбий алоқа тизими 100 фоиз рақамлаштирилди – Мудофаа вазирлиги

Қайд этилишича, тизимнинг тўлиқ рақамлаштирилиши ҳарбий бўлинмаларга дала шароитларида ва турли вазиятларда рақамли телекоммуникация хизматларини тақдим этиш, ностандарт вазиятларда оператив қарорлар қабул қилиш имконини бермоқда.

Мудофаа вазирлиги томонидан Kun.uz’га тақдим этилган статистик маълумотлар вазирлик тасарруфидаги қўшинларда ҳарбий алоқа тизимидаги ўзгаришлар ҳақида сўз боради. Таъкидланишича, вазирлик тизимидаги қўшинларда 2017—2022-йилларда:

  • 1 600 километр оптик толали алоқа линиялари ётқизилган (шундан, 170 км 2018 йилда, 800 км 2019 йилда, 380 км 2020 йилда, 150 км 2021 йилда, 100 км 2022 йилда);
  • қўшинлар бошқарувида электрон маълумотлар алмашиш тизими 100 фоизга рақамлаштирилган (Бу кўрсаткич 2018 йили 15 фоизни, 2019 йили 50 фоизни, 2020 йили 70 фоизни, 2021 йили 90 фоизни, 2022 йили 100 фоизни ташкил этган);
  • ҳарбий қисм ва муассасалар жойлашган ҳудудлар 100 фоизга транк радиоалоқаси билан қамраб олинди (жумладан, 2019 йилда – 20 фоиз, 2020 йилда – 40 фоиз, 2021 йилда – 90 фоиз, 2022 йилда – 100 фоиз);
  • 210 дан ортиқ мобиль алоқа техникаси замонавий кўринишда модернизация қилинган (2019 йилда 54 та, 2020 йилда 42 та, 2021 йилда 80 та, 2022 йилда 36 та мобиль алоқа техникаси замонавийлаштирилган).
Фото: Мудофаа вазирлиги

Мудофаа вазирлиги қўшинларида ҳарбий алоқа тизими 100 фоиз рақамлаштирилгани ҳамда интернетга уланган бўлинмалар сони 2 баробарга оширилгани ҳарбий бўлинмаларга дала шароитларида ва турли вазиятларда рақамли телекоммуникация хизматларини тақдим этиш имконини бермоқда.

2017 йилдан бошлаб ҳарбий соҳани рақамлаштириш, модернизация қилиш, замон талабларига мос тузилмага айлантиришга жиддий эътибор қаратиб келинаётгани натижасида 2019—2021 йилларда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда Қуролли Кучлар академиясида таълим жараёнига янгиликлар киритилиб, замонавий алоқа ва ахборот-коммуникация технологиялари жорий қилинди. Бунинг натижасида ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизими инновацион босқичга олиб чиқилди ва булғуси командирлар томонидан ностандарт вазиятларда оператив қарорлар қабул қилиш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, 2019 йили Марказий ҳарбий округ Ситуацион маркази, “Фориш” ва “Каттақурғон” полигонлари, Мудофаа вазирлиги Олий ҳарбий авиация билим юрти ҳамда Мудофаа вазирлиги қўшинларини жанговар ва кундалик фаолиятини бошқариш Маркази замонавий алоқа ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

2019 йил 17 январдаги президент қарорига асосан ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа соҳасида юқори малакали офицер кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, бу соҳада ҳарбий-илмий тадқиқотларни ташкиллаштириш мақсадида ТАТУнинг Махсус факультети Мудофаа вазирлиги Ахборот коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти этиб қайта ташкил этилгани ҳам соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани белгисидир.

Мазкур ҳарбий институт Мудофаа вазирлигининг давлат олий ҳарбий таълим муассасаси бўлиб, у олтита йўналиш бўйича тактик бўғиндаги офицер кадрларни (икки йиллик) тайёрлашни амалга оширади:

  • алоқа қўшинлари тактик қўмондонлик-муҳандислиги;
  • махсус алоқа ва давлат сирларини муҳофаза қилиш тактик қўмондонлик-муҳандислиги;
  • ахборот тизимлари ва технологиялари тактик қўмондонлик-муҳандислиги;
  • радиоэлектрон разведка ва кураш тактик қўмондонлик-муҳандислиги;
  • ҳаво ҳужумидан мудофаа радиотехника қўшинлари тактик қўмондонлик-муҳандислиги;
  • ҳаво ҳужумидан мудофаа зенит-ракета қўшинлари тактик қўмондонлик-муҳандислиги.
Фото: Президент матбуот хизмати

Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони томонидан берилган топшириққа мувофиқ Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамда ҳарбий қисм қайта ташкил этилиб, янги замонавий ҳарбий шаҳарчада жойлаштирилган. 2019 йили институт фаолияти билан танишиш учун келган давлат раҳбарига бу ердаги шароитлар, мудофаа тизимида алоқа тармоқларини модернизация қилиш, жанговар ва ўқув тайёргарлик жараёнларини автоматлаштириш бўйича лойиҳалар тўғрисида маълумот берилганди.

2020 йилга келиб мудофаа соҳасидаги ислоҳотлар янада жадаллашди. Шу йили Ўзбекистон Қуролли Кучлари ягона автоматлаштирилган бошқарув тизимини яратиш ва рақамлаштиришни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси мудофаасини бошқариш Миллий маркази замонавий алоқа ва ахборотлаштириш воситалари билан жиҳозланди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Командирлар томонидан қабул қилинадиган қарорларни амалий синаб кўришни ташкиллаштириш мақсадида рақамли технологиялар асосида “Чирчиқ” полигони ҳудудидаги Мудофаа вазирлигининг моделлаштириш ва симуляция дала-ўқув маркази, шунингдек, Ўзбекистан Республикаси Мудофаасини бошқариш Миллий маркази замонавий алоқа ва ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланди. Бу орқали Мудофаа вазирлиги қўшинлар бошқарувида жорий этилган барча алоқа ва ахборот-коммуникация тизимлари ягона миллий марказга интеграция қилинди.

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментининг махлум қилишича, 2022 йилда Мудофаа вазирлиги “UZINFOCOM” ва “BEPRO” дастурчилар маркази билан ҳамкорликда “Ягона ҳарбий-тиббий ахборот тизимлар мажмуаси” яратилди ва ишга туширилган. Қоғоз кўринишдаги тиббий карталар рақамлаштирилиб, беморлар учун ягона тиббий электрон карталар жорий қилинди. Бу орқали барча қоғозбозлик ва ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилиб, қўшинлардаги эпидемиологик вазият ва касалликлар динамикасининг автоматлаштирилган назорати ҳамда мониторинги йўлга қўйилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Шунингдек, 2022 йилда янгидан барпо этилган Қуролли Кучлар Тинчлик йўлида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш маркази ҳамда Қуролли Кучлар ҳарбий тиббиёт академияси соҳани ривожлантиришга қаратилган замонавий рақамли алоқа ва ахборот-коммуникация тизимлари билан тўлиқ таъминланди.

Қўшинлар бошқарувини рақамлаштириш доирасида эса жорий этилган замонавий алоқа ва ахборот коммуникация тизимларидан, шунингдек, модернизация қилинган мобил алоқа техникаларининг имкониятларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Алоқа ва ахборот технологиялари мутахассисларини тайёрлаш ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунга келиб, қўшинлар бошқарувини рақамлаштириш ишлари Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда жадал олиб борилмоқда.

Мавзуга оид