Иқтисодиёт | 16:51 / 13.02.2023
32413
4 дақиқада ўқилади

Ўзини ўзи банд қилганлар берган чекдан кешбэк қайтарилмайди

Солиқ қўмитаси ўтган йили ўзини ўзи банд қилган фуқароларга ҳам касса аппарат билан ишлаш талабини қўйганди. Қўмитанинг ўша пайтдаги раиси, ҳозирги иқтисодиёт вазири Шерзод Қудбиев бу тартибни чек бериш мажбурийлиги билан изоҳлаган эди. Энди эса, ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан берилган чеклар учун кешбэк тўланмаслиги белгилаб қўйилди.

Ўзбекистонда чекнинг 1 фоизи қийматида давлат томонидан кешбек қайтарилмайдиган харидлар тоифалари биттага кўпайди. Бу рўйхатга ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан берилган харид чеклари қўшилди.

Эндиликда, ўзини ўзи банд қилган шахслардан олинган харид чеклари бўйича давлат харидорларга 1 фоиз кешбэкни қайтармайди.

Бунгача кешбэк қайтарилмайдиган харидлар рўйхатида автомобил, темирйўл ва авиа чипта, коммунал ва алоқа хизмати учун тўловлар бор эди.

Солиқ тўланмайди, кешбэк тўланмайди, лекин НКМ – мажбурий

Ҳукуматнинг тегишли қарорига 2022 йилда киритилган ўзгартиришга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат-касса техникаси ва тўлов терминалларидан фойдаланиши белгиланган.

Солиқ қонунчилигига кўра, ўзини ўзи банд қилувчилар солиқдан тўлиқ озод қилинган. Меҳнат стажи учун эса ихтиёрий равишда 1 йилда бир марта ижтимоий солиқ – 300 минг сўм тўлаш кифоя. Аммо бу тоифа фуқаролар қанча даромад оладиган бўлса ҳам, солиққа тортилмаслиги белгилаб қўйилган.

Қонунчилик бўйича тадбиркорлик субъектларига касса аппарат, тўлов терминалларини қўллаш мажбурий.

Жазолаш методлардан бирими?

Kun.uz билан суҳбатда солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов бу ҳақда шундай деган эди.

“Касса аппаратларини қўллашдан мақсад солиқдан қочишнинг олдини олиш ва солиқ базасини аниқлаш. Энди ўзини ўзи банд қилувчи солиқ тўламаслик имтиёзи бўлиб туриб, касса аппаратини қўллаши керак. Агар қўлламаса, унга 5 миллион сўм жарима бор, қўлласа, ҳар ой касса аппаратининг 100 минг сўмлик тўловини амалга ошириши керак. Бундан мақсад – жарималар системасини яратиш. Менда бундай фактлар бор: сартарошга 5 млн сўм жарима тўлатишган”.

“Солиқдан озод дегани чек бермаслиги керак дегани эмас”

Бу тартиб борасида Kun.uz мухбирининг саволига собиқ ДСҚ раиси (ҳозирда иқтисодиёт ва молия вазири) Шерзод Қудбиев ўзини ўзи банд қилган фуқароларга онлайн назорат касса машинасини ўрнатиш ҳақида Солиқ қўмитасининг топшириғи, режаси, талаби ёки махсус йиғилиши қилинмаган, дея жавоб берганди.

“Яқин ўртада бунга вақтимиз ҳам етмайди. Бунда сал мантиқ бўлмайди – ўзини ўзи банд қилганлар солиқ тўламайди, уларга куч кетказиб айланмасини олганимиз билан улардан солиқ ундира олмаймиз.

Жойлардаги фуқародан чек бермаслик ҳолати юзасидан мурожаатлар қилинган бўлиши мумкин. “Солиқ ҳамкор”га мурожаат бўлса, у ўрганишсиз қолмаслиги керак, чунки бошқа фуқаронинг ҳам ҳуқуқи бор-да. Мурожаатни солиқ органи ходимлари бориб ўрганган бўлиши мумкин”, деганди у.

Аммо Қудбиев сўзининг давомида ушбу ўзгариш “тўғри” эканига урғу берганди.

“Лекин ўзини ўзи банд қилган фуқаро чек бермаса ҳам бўлаверади дегани эмас. Чек бериши керак, чекига солиқ тўламаслиги бошқа нарса. Солиқдан озод дегани чек бермаслиги керак деганимас, бу қонунчиликда йўқ. Аммо унинг айланмаси солиққа тортилмайди”, деганди у.

Мавзуга оид