Ўзбекистонда чекнинг 1 фоизи қийматида давлат томонидан кешбек қайтарилмайдиган харидлар тоифалари биттага кўпайди. Бу рўйхатга ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан берилган харид чеклари қўшилди.
Эндиликда, ўзини ўзи банд қилган шахслардан олинган харид чеклари бўйича давлат харидорларга 1 фоиз кешбэкни қайтармайди.
Бунгача кешбэк қайтарилмайдиган харидлар рўйхатида автомобил, темирйўл ва авиа чипта, коммунал ва алоқа хизмати учун тўловлар бор эди.
Солиқ тўланмайди, кешбэк тўланмайди, лекин НКМ – мажбурий
Ҳукуматнинг тегишли қарорига 2022 йилда киритилган ўзгартиришга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат-касса техникаси ва тўлов терминалларидан фойдаланиши белгиланган.
Солиқ қонунчилигига кўра, ўзини ўзи банд қилувчилар солиқдан тўлиқ озод қилинган. Меҳнат стажи учун эса ихтиёрий равишда 1 йилда бир марта ижтимоий солиқ – 300 минг сўм тўлаш кифоя. Аммо бу тоифа фуқаролар қанча даромад оладиган бўлса ҳам, солиққа тортилмаслиги белгилаб қўйилган.
Қонунчилик бўйича тадбиркорлик субъектларига касса аппарат, тўлов терминалларини қўллаш мажбурий.
Жазолаш методлардан бирими?
Kun.uz билан суҳбатда солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов бу ҳақда шундай деган эди.
“Касса аппаратларини қўллашдан мақсад солиқдан қочишнинг олдини олиш ва солиқ базасини аниқлаш. Энди ўзини ўзи банд қилувчи солиқ тўламаслик имтиёзи бўлиб туриб, касса аппаратини қўллаши керак. Агар қўлламаса, унга 5 миллион сўм жарима бор, қўлласа, ҳар ой касса аппаратининг 100 минг сўмлик тўловини амалга ошириши керак. Бундан мақсад – жарималар системасини яратиш. Менда бундай фактлар бор: сартарошга 5 млн сўм жарима тўлатишган”.

















