Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Газ қувурларидаги портлашлар: НАТО мувофиқлаштириш бюросини тузади
Столтенбергнинг сўзларига кўра, НАТО «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим 2»даги қўпорувчилик ҳаракатларидан сўнг муҳим инфратузилмани ҳимоя қилишни яхшилаш учун мувофиқлаштирувчи ячейка яратмоқда.
НАТО «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим 2» газ қувурларига қилинган қўпорувчилик ҳужумларидан сўнг муҳим инфратузилмани ҳимоя қилишни яхшилаш учун мувофиқлаштирувчи ячейка яратмоқда. Бу ҳақда 13 февраль, душанба куни Брюсселда Шимолий Атлантика альянси бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди.
Мувофиқлаштирувчи бюронинг мақсади - заифликларни хариталаш ва саноат вакиллари билан ҳамкорликни кучайтириш, деди Столтенберг. Бу қувур линиялари ва сувости кабеллари каби муҳим инфратузилмага таҳдидларга қарши туришга ёрдам беради.
Сўнгги пайтларда НАТО иттифоқчилари муҳим объектлар хавфсизлигини ва разведка маълумотлари алмашинувини кучайтирди.
2022 йил 26 сентябрда «Шимолий оқим»нинг иккита тармоғида, сўнгра «Шимолий оқим 2»да жами тўртта сизиб чиқиш аниқланган. Бунгача Швеция ва Даниядаги сейсмологик станциялар худди шу ҳудудда кучли сувости портлашларини қайд этган.
Германия, Дания ва Швецияда зарарни текшириш ишлари олиб борилмоқда. Швеция ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган Анн Линде «Дания ва Швециянинг эксклюзив иқтисодий зоналаридаги «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим 2»да газ сизиб чиқиши портлашлар оқибати бўлганини, эҳтимол саботаж юз берганини» таъкидлади. Саботаж версияси НАТО ва Европа Иттифоқида ҳам кўриб чиқиляпти.
Сувларида портлашлар содир бўлган Швеция ва Дания қувурлар атайлаб портлатилган деган хулосага келган, бироқ ҳодиса учун ким жавобгар бўлиши мумкинлигини айтмаган. Москва портлашларда Ғарбни айблади.
Болтиқ денгизидаги «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим 2» газ қувурларида содир бўлган портлашларни ўрганиш чоғида уларнинг Россия томонидан уюштирилгани ҳақида ҳозирча ҳеч қандай далил олинмаган, деб маълум қилди Германия. «Ҳозирда буни исботлаб бўлмайди», деди Германия бош прокурори Петер Франк 4 февраль куни Welt am Sonntag газетасига берган интервьюсида. Тергов давом этмоқда, деди у.
Оқ уй америкалик тадқиқотчи журналист Сеймур Хершнинг Болтиқ денгизидаги «Шимолий оқим 2» ва «Шимолий оқим» газ қувурларини портлатиш АҚШ президенти Жо Байден кўрсатмаси билан амалга оширилгани ҳақидаги материални ўз блогида эълон қилган айбловларини рад этди. Бу ҳақда 8 февраль куни Оқ уйдаги Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот хизмати раҳбари Эйдриенн Уотсон баёнот берди.
«Бу тўлиқ ёлғон ва фантастика», деди Уотсон. Худди шундай позицияни АҚШ Давлат департаменти вакили ҳам билдирган.
«Операцион режалаштириш бўйича тўғридан тўғри маълумотга эга бўлган манбага» таянган Хершнинг сўзларига кўра, 2022 йил июнь ойида НАТОнинг Baltops 22 машқлари ниқоби остида ҳаракат қилган АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ғаввослари масофадан бошқариладиган портловчи механизмни ўрнатган, у уч ойдан кейин портлатилган ва қувурларнинг тўртта тармоғидан учтаси йўқ қилинган.