Жаҳон | 09:02 / 15.02.2023
9603
2 дақиқада ўқилади

АҚШда университетдаги отишмада уч киши ҳалок бўлди

Ҳужум қилган шахс Мичиган университети кампусида ўт очди. Беш яраланган кишининг ҳаёти хавфи остида.

Фото: AP

14 февраль, сешанба куни АҚШда Мичиган университетида юз берган отишма натижасида уч киши ҳалок бўлди, яна беш киши яраланди. Ҳужум қилган шахс маҳаллий вақт билан соат 20:00 лар атрофида университет кампусида ўт очган. Кейин у яқин атрофдаги бинога ўтди ва у ерда отишмани давом эттирди.

«Уч кишининг ўлими тасдиқланди. Бундан ташқари, беш киши жароҳат олди, улар касалхонага ётқизилди. Жабрланганларнинг баъзилари ҳаётлари учун хавфли бўлган жароҳатлар олди», - деди ҳуқуқ-тартибот идораси вакили. Полиция гумонланувчи сифатида қизил туфли, жинси куртка ва бейсбол қалпоқ кийган бўйи паст қора танли эркакнинг суратини эълон қилди.

Воқеа жойига тезда юзлаб полициячилар етиб келди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум уюштирган шахс ўз жонига қасд қилган. «Гумонланувчи кампус ташқарисида топилган. Кўринишидан, у ўзига етказган жароҳатлари туфайли вафот этган. Талабалар шаҳарчасига бошқа таҳдид йўқ», - дея маълум қилди ўқув муассасаси полицияси Twitter саҳифасида.

Университет маъмурияти қарори билан яқин 48 соат давомида кампусдаги барча тадбирлар бекор қилинди.

АҚШда мактаблар ва университетларда отишмалар тез-тез содир бўлади, бу мамлакатдаги қуролга оид жуда либерал қонунлар фонида қуролли зўравонликнинг кенгроқ контекстига мос келади, деб таъкидлайди AFP.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид