18:34 / 16.02.2023
89998

Амударё суви кескин камайиши мумкин. Толиблар қураётган Қўштепа қандай канал?

Каналнинг эни 100 метр, лойиҳавий узунлиги – 285 км. У қуриб битказилса, Амударё сувининг учдан бир қисми Афғонистоннинг шимолий ҳудудларига йўналтирилиши мумкин. Бу эса Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларида сув тақчиллигини кучайтиради.

Шусиз ҳам сув тақчиллиги, қурғоқчилик ва чўлланиш каби муаммолар билан курашаётган Ўзбекистон олдида яна бир жиддий муаммо пайдо бўлган.

2022 йил 31 март куни “Толибон” ҳукумати мамлакат шимолидаги йирик канал қурилиши лойиҳаси тақдимотини ўтказган эди. Унга кўра, Балх вилояти ҳудудида Амударёдан бошланадиган Қўштепа канали қурилмоқда.

Сув кам йилларда Амударё суви 34 куб километргача пасаяди. Агар бу канал қуриб битказилса, дарёнинг деярли 10 куб километр, яъни учдан бир қисм суви Афғонистоннинг ичкари ҳудудларига оқиб кетади. Бу эса Хоразм, Бухоро, Сурхондарё ва Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек Туркманистон учун жиддий оқибатлар яратиши мумкин.

Kun.uz Ўзбекистон олдида турган бу йирик муаммо ва умуман Афғонистондаги вазият, у ердаги муваққат ҳукуматнинг Ўзбекистон ҳукумати билан алоқаларида пайдо бўлган чигалликлар ҳақида қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов, сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Суҳроб Бўронов билан суҳбатлашди. Суҳбатни тўлиқ ҳолда ушбу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

Бу материалда эса Қўштепа канали қурилиши Амударёга ва қўшни давлатларга қандай таъсир ўтказиши ҳақида бир муддат аввал журналист Наталя Шулепина эълон қилган таҳлилий мақолада берилган маълумотларга эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Аввало таъкидлаш керак, қурилаётган канал орқали афғонистонликлар шимолий учта вилоятда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни мақсад қилган.

Канал Амударёнинг Балх вилояти Калдар туманидан ўтган қисмидан бошланади. Лойиҳани Афғонистоннинг Миллий тараққиёт компанияси давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширмоқда.

Канал узунлиги 285 километрни ташкил этиши маълум. Лойиҳа қиймати 684 миллион долларга баҳоланган. Каналнинг кенглиги 100 метр, чуқурлиги 8,5 метр. 2022 йил март ойидан бошлаб 4 минг нафаргача киши иштирокида фаол қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мақолада таъкидланишича, ўтган йил ноябр ойига қадар қуриб битказилган участканинг узунлиги 40 километрга яқин бўлган.

Қўштепа канали.
Сунъий йўлдошдан олинган тасвир / Фото: Sreda.uz

“Қўштепа канали унчалик кичик эмаски, у аллақачон космосдан аниқ кўриниб турибди. Қурилиш 65 километрлик участкада давом этмоқда.

Канал Амударёдан йилига 10 куб километр сув олиш мақсадида қурилмоқда. Трансчегаравий дарёдан сувнинг ярим миқдори янги каналга олинганда ҳам, бу қуйи оқимдаги мамлакатлар учун сезиларли таъсир ўтказади”, – дейди журналист.

Бугун Амударёнинг ўртача кўп йиллик оқими 79 куб километрни ташкил қилади. Унинг бошланиш манбаларидан Орол денгизигача бўлган узунлиги 2540 км. Бироқ, сатҳи пасайиб кетиши натижасида дарё энди Орол денгизига етиб бормай қўйган. Ҳозир дарё суви Орол кўлларини озиқлантирадиган Междуреченск сув омборидаёқ тугайди.

Сўнгги ўн йилликларда тез-тез рўй берадиган кам сувли даврларда Амударё бўйлаб сув оқими: 2000 йилда – 41,7 куб километрни, 2008 йилда – 34,9 куб километрни, 2012 йилда – 45,4 куб километрни ташкил қилган.

Наталя Шулепинага кўра, айни пайтда МДҲнинг бешта давлати ўртасида сувни тақсимлашда СССРда 1980 йилларда ўрнатилган квоталар мавжуд. Яъни дарё бўйлаб қанча сув оқмасин, у квоталар бўйича тақсимланади. Ҳозир эса Амударёдан Афғонистон ҳам сув олади.

Бу йил деҳқончилик мавсуми бошланаркан, юқори оқимдан келадиган сув оқими яна пасаяди. Бу эса нафақат ундан сув олувчи мамлакатлар учун, балки дарёнинг ўзи, унинг гидрологияси ва атрофдаги ландшафтлар учун ҳам таъсирли бўлади.

Бу ўринда ҳозиргача Марказий Осиё давлатлари Афғонистон билан сув тақсимоти бўйича ҳеч қандай келишувга эга эмаслиги катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Чунки Афғонистон БМТнинг Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциясини имзоламаган.

“Эртами-кечми Афғонистон сувга бўлган ҳуқуқини даъво қилиши ҳақидаги башоратларни Марказий Осиё давлатларининг Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув комиссияси билдирган эди. Ва шундай бўлди.

“Трансчегаравий сувлар” нима ва уларга халқаро ҳуқуққа мувофиқ қандай муносабатда бўлиш керак? БМТнинг Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциясида улар ҳақида шундай дейилган: “Трансчегаравий сувлар – бу икки ёки ундан ортиқ давлат ўртасидаги чегараларни белгилайдиган, кесиб ўтадиган ёки шундай чегараларда жойлашган ҳар қандай ерусти ёки ерости сувлари”.

Конвенциянинг 9-моддаси томонларнинг тенглик асосида икки томонлама ёки кўп томонлама битимлар ёки бошқа келишувлар тузишини назарда тутади.

Очиғи, афғон томони билан жиддий музокаралар олиб борилмоқда. Канал қуриш учун 6 йил қисқа вақт. Минтақа мамлакатларида сув ресурсларини тежаш, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш ҳам ҳаётий аҳамиятга эга экани кўриниб турибди”, – дея Амударё сувларидан фойдаланишда қўшни давлатлар билан ҳамкорлик ва келишувлар муҳимлигини таъкидлаган ҳамкасбимиз.

Top