Ўзбекистон | 08:11 / 16.02.2023
3115
2 дақиқада ўқилади

БАА Ўзбекистонда помидор етиштиришни йўлга қўймоқчи

Ўзбекистон ишчи гуруҳининг БААга ташрифи доирасида инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов етакчи компаниялар раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.

Фото: Kun.uz

Вазир ва ENOC компаниялар гуруҳининг бош ижрочи директори Ҳумаид ал-Фаласи ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилишга бағишланган ушбу музокараларда мамлакатимизнинг манфаатдор вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этишди.

IFFCO Group компанияси директори Шираз Аллана билан учрашувда қатор йўналишларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги ва кимё саноати соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш истиқболлари муҳокама қилинди.

БАА томони помидор етиштириш ва қайта ишлашнинг тўлиқ жараёнини назарда тутган ҳолда Ўзбекистонда экспортга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Бундан ташқари, IFFCO Group'нинг шахсий гигиена ва синтетик ювиш воситалари сегментидаги тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Чирчиқ шаҳридаги Кимё саноат парки негизида ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳани биргаликда ишлаб чиқиш масаласи келишиб олинди.

Шу куни Masdar компанияси бош директори Муҳаммад Жамил ал-Рамахи билан ҳам музокаралар бўлиб ўтди. Унда «яшил» энергияни ривожлантириш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунлари бўйича томонлар ишончга асосланган шериклик муносабатларига таянган ҳолда ўзаро ҳамкорликдаги муваффақиятларни юқори суръатларда ривожлантиришга келишиб олди.

Мавзуга оид