18:39 / 16.02.2023
7009

Электрон ҳукумат, IT ва бизнес – Ўзбекистон қанчалик рақамлашмоқда?

2022 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда жами интернетдан фойдаланувчилар сони 31 миллиондан ошди, алоқа ва компьютер хизматлари ҳажми эса 22,9 триллион сўмга етган. Бугунги кунда 4 миллиондан ортиқ фуқаролар ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилаётган 370 та давлат хизматларидан онлайн фойдаланмоқда.

Рақамли технологиялар вазирлиги Kun.uz'га тақдим қилган маълумотларга кўра, алоқа ва ахборотлаштириш ҳамда компьютер хизматлари ҳажми 2016 йилда 6,5 трлн сўм бўлган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 17,8 трлн сўмга етди. 2022 йилда эса бу миқдор 22,9 трлн сўмга етди. Ўз навбатида рақамли иқтисодиёт соҳасининг ЯИМдаги улуши 2019 йилда 1,8 фоиздан 2022 йилда 2,77 фоизгача ошган.

Соҳада аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми эса 2016 йилдан 2022 йилга қадар 3,2 баробарга ошган. Хусусан, 2022 йилда аҳоли жон бошига 642,9 минг сўмлик хизматлар кўрсатилган. Бундан ташқари, ахборот ва алоқа соҳасида фаолият юритаётган юридик шахслар сони 2016 йилда 8 минг 46тадан 2022 йилда 16 минг 641тага кўпайган.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари ҳам ошиб бормоқда. Хусусан, 2021 йилда 300 та (100 та мобил иловалар орқали) давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 370 (+70, 165 та мобил илова орқали) тани ташкил қилди. 2023 йилда уларнинг сонини 570 тага (265 таси мобил иловалар орқали) етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, ягона порталдан фойдаланувчилар сони 2019 йилда 77 минг нафар бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 372 мингни, 2021 йилда 1 миллионни, 2022 йилда 4 миллионни ташкил қилган. 2019 йилга қараганда фойдаланувчилар сони 52 бараварга ортган. Бу жараёнда 135 млрд сўмга яқин йўлкира ва қоғоз харажатлари тежалган.

2022 йилга келиб, Ўзбекистонда жами интернетдан фойдаланувчилар сони 31,1 миллионга етган бўлса, уларнинг 29,5 миллиони мобил интернет фойдаланувчиларидир.

2022 йилда аҳоли масканларининг 4G алоқа тармоғи билан қамрови 74 фоизга чиқди. Шунингдек, 170 минг км оптик толали алоқа линиялари тортилиб, аҳоли масканларининг 80 фоизи қамраб олинди.

Халқаро рейтингларда интернет тезлиги ва нархи борасида Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари қуйидагича яхшиланди.

Мобил интернет нархи (1 Гб учун) 2020 йилда 1,34 доллар (55-ўрин), 2022 йилда 0,37 доллар (15-ўрин).

Симли интернет нархи: 2020 йилда 16 доллар (25-ўрин), 2022 йилда 14,38 доллар (19-ўрин).

Мобил интернет тезлиги: 2020 йилда 10,07 Мбит/с (133-ўрин), 2022 йилда 13,95 Мбит/с (122-ўрин);

Симли интернет тезлиги: 2020 йилда 29,92 Мбит/с (95-ўрин), 2022 йилда 45,03 Мбит/с (89-ўрин).

Top