Жамият | 11:47 / 16.02.2023
30622
2 дақиқада ўқилади

Наманганда оралиқ имтиҳондан ўтолмаган талаба ўзига ўт қўйди

Фарғона вилоятидан бўлган талаба Наманган муҳандислик қурилиш институтининг 3-босқичида ўқиган. 21 ёшли йигит оралиқ имтиҳонларни топширолмагани учун отасидан танбеҳ эшитиб, ўз жонига қасд қилган ва шифохонада жон берган.

2023 йил 10 феврал куни Наманган муҳандислик қурилиш институтининг 3-босқич талабаси ўз жонига қасд қилган. Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилишича, 2002 йилда туғилган Х.Х. Фарғона вилояти Бешариқ туманидан бўлган.

Х.Х. бешта фандан оралиқ назоратдан ўтолмай, қайта топширишга қолган. Талабанинг гуруҳ мураббийи Х.Х.нинг отасига қўнғироқ қилиб уни бу ҳақда огоҳлантирган. Ота эса ўғлига телефонда танбеҳ берган.

Шундан сўнг, Х.Х. отасига зарда қилиб, руҳий тушкунликка тушиб, Янгиқўрғон тумани «Нурафшон» МФЙ ҳудудидаги дала-адирликда устига бензин сепиб, ўзига ўт қўйган.

Ёнаётган Х.Х.ни кўрган одамлар уни шифохонага олиб боришган. Тиббий маълумотга кўра, Х.Х.нинг баданининг 50 фоиз қисми куйгани сабаб кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, 13 феврал куни шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Янгиқўрғон туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 103-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид