Жаҳон | 14:20 / 16.02.2023
48410
5 дақиқада ўқилади

Туркиядаги зилзила: мўъжизалар ва эпидемия хавфи

Туркия ва Сурияда харобалар остидан одамларни қутқариш ишлари давом этмоқда, зилзиладан 48 соатдан кейин тирик одамлар топилиши имконияти жуда паст бўлиши инобатга олинса, буни чинакам мўъжиза дейиш мумкин.

Фото: Ihlas News Agency / Reuters

Табиий офатдан тўққиз кун ўтиб, чоршанба куни Қаҳрамонмараш вилоятида икки аёл вайроналар остидан олиб чиқилди.

Аёллардан бири – Жамила Кекеч 74 ёшда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда уни чиқариб олган қутқарувчилар шодликдан бир-бирини қучаётгани ва олқишлаётганини кўриш мумкин. У билан бирга унинг 42 ёшли қизи Малика Имомўғли ҳам қутқарилган.

«Биз зилзиладан кейинги 226-соатда гуруҳларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан 74 ёшли аёл Жамила Кекечнинг вайроналар остидан тирик ҳолда олиб чиқилишига гувоҳ бўлдик», дея ёзди фейсбукида ушбу видеони илова қилган Дарижа шаҳри мэри Музаффар Байик.

Ундан олдинроқ харобалар остидан 46 ёшли яна бир аёл олиб чиқилганди.

Туркия ва Сурияда қурбонлар сони 41 мингдан ошган. Миллионлаб омон қолганлар ва жабрланганлар инсонпарварлик ёрдамига муҳтож - уларнинг кўпчилиги совуқ қиш кунларида бошпанасиз қолмоқда.

Дарижа шаҳри мэри фейсбукдаги саҳифасида аёлларнинг қутқарилиши вақтида олинган кадрларни намойиш этди
Фото: MUZAFFER BIYIK/FACEBOOK

Касаллик таҳдиди

Эндиликда расмийлар ва қутқарувчиларнинг асосий эътибори омон қолганларга қандай ёрдам беришга қаратилган. Зилзилалардан бирининг эпимаркази бўлган Қаҳрамонмарашда омон қолганлар стадионда ўрнатилган палаткали шаҳарчада яшамоқда.

Шаҳар инфратузилмасининг катта қисми бузилиб кетган, расмийлар ва шифокорларнинг асосий вазифаси эса касаллик тарқалишига йўл қўймаслик ҳисобланади.

«Биз зилзиладан буён ювина олганимиз йўқ», дейди 21 ёшли талаба-дизайнер Муҳаммад Амин.

Қаҳрамонмараш стадионидаги лагерда жами олтита ҳожатхона мавжуд. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Туркиядаги вакили Ботир Бердиқиличев жабрланган ҳудудларда сув етишмовчилиги инфекцион касалликлар авж олиши хавфини ошириши тўғрисида огоҳлантирган.

Зилзиладан жабрланган бошқа бир шаҳар – Искандарунда махсус жиҳозланган паромда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш билан машғул фармацевт Жин Ўзсайгили ҳам яқинлашиб келаётган эпидемия ҳақида гапиради.

«Биз вабо ва ич терлама авж олишини кутяпмиз. Бунинг олдини олиш учун тезлик билан чиқиндиларни олиб кетиш, тозалаш ва кальцификация ўтказиш зарур, аммо ҳозирда бу имконсиз иш. Биз имкон қадар [касалликлар тарқалишининг олдини олишга] ҳаракат қиламиз», деган у.

Туркияда қутқарув ишлари туну кун олиб борилмоқда – расмийларнинг маълумотларига кўра, бу ишларда 250 мингга яқин киши иштирок этмоқда. Фото: Getty Images

Суриядаги вазият

Суриядаги фуқаролик уруши эса барчасини янада қийинлаштирмоқда – жабрланган ҳудудларга инсонпарварлик ёрдами етказишга бўлган қатор уринишлар муваффақиятсизликка учради, чунки бу ҳудудларга олиб борувчи йўллар ўзаро душман гуруҳларнинг тўқнашув чизиқлари бўйлаб ўтади.

Чоршанбага ўтар кечасига келибгина мамлакат шимоли-ғарбидаги энг жиддий жабрланган ҳудудларга дастлабки инсонпарварлик ёрдами карвони етиб келди. Гувоҳлар Reuters агентлигига Сурия демократик кучлари (SDF) назорат қиладиган ҳудудга адёл, озиқ-овқат маҳсулотлари, палаткалар ва дори-дармонлар юкланган фуралар етиб келганини тасдиқлашган.

Суриянинг Африн вилоятида маҳаллий соғлиқни сақлаш бошқармаси зилзила чоғида туғилган Ая исмли қизалоқни ўғирлаб кетилишдан қутқарди – уни харобалар остидан чиқариб олишганида ҳали киндиги узилмаганди. Ижтимоий тармоқларда унинг омон қолиши кадрлари тезлик билан тарқалди, шундан кейин минглаб кишилар уни асраб олиш таклифларини беришди.

Аянинг онаси у туғилиши билан вафот этган, худди отаси, тўрт акаси, опалари ва холаси каби. Шифокорларнинг сўзларига кўра, уни олиб келишганида ҳамма жойи шишиб, кўкарган ва зўрға нафас олаётганди. Ҳоспиталда уни бошқарувчининг уч ойгина олдин туққан рафиқаси эмизган.

Қиз даволанган шифохона мухолиф кучлар назоратидаги ҳудудда жойлашган. Шу кунларда бу ерда зўравонлик ҳолати содир бўлди - икки номаълум шахс шифохона бошқарувчисини дўппослаган ва расмийларнинг тахмин қилишича, бу чақалоқни ўғирлаб кетишга уриниш бўлган. Чоршанба куни қизалоқни хавфсиз жойга кўчиришди.

Кейинроқ маҳаллий соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Аҳмад Ҳожи Ҳассан BBC билан суҳбатда ҳоспиталда рўй берган ҳодиса «тўлиқ шифохона билан боғлиқ ички масала бўлгани ва чақалоққа алоқадор бўлмагани»ни айтди. У чақалоқни ўғирлашга уриниш бўлгани ҳақидаги тахминни инкор этди.

Чақалоқ топилган Жандарис шаҳри Туркия чегарасидан бир неча километр масофада жойлашган – бу Сурияда табиий офатдан энг жиддий талафот кўрган ҳудудга айланди. Бу ерда 200 га яқин бино вайрон бўлган, харобалар остидан 500 дан ортиқ кишининг жасади олиб чиқилди.

Бу ҳудудда қидирув-қутқарув ишларига Сурия фуқаролик мудофааси («Оқ дубулғалилар» номи билан ҳам машҳур) ташкилоти раҳбарлик қилмоқда. Унинг маълумотларига кўра, бу ҳудудда яшовчи 5 миллиондан ортиқ кишининг 90 фоизи зилзилага қадар ҳам инсонпарварлик ёрдамларига муҳтож ҳолатда эди.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид