Жаҳон | 17:06 / 16.02.2023
10909
2 дақиқада ўқилади

Европаликларнинг учдан икки қисми Украина урушда ғалаба қозонишини кутмоқда

Фото: AP

Европаликларнинг қарийб учдан икки қисми (61 фоиз) Украина Россия билан урушда ғалаба қозонишини кутмоқда, деб Бертелсманн жамғармасининг eupinions социологик хизмати 16 февраль куни эълон қилинган сўрови натижаларида маълум қилди. Германияда эса 55 фоиз аҳоли Украина ғалабасига ишонади.

Бундан ташқари, сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 68 фоизи Россия агрессиясини бутун Европага ҳужум, деб ҳисоблайди. Россия тажовузкорлиги бутун Европага қарши қаратилганлиги сабабли, шахсан ҳар бир кишига тегишли деган фикрни полякларнинг 79 фоизи, испанларнинг 78 фоизи ва немисларнинг 65 фоизи қўллаб-қувватлайди. 

Шу билан бирга, Европадаги респондентларнинг 62 фоизи «Украиналиклар бизнинг эркинлигимиз ва фаровонлигимиз учун курашмоқда» деган баёнотга қўшилади. Тинчлик музокаралари ҳақида сўралганда, европаликларнинг деярли тўртдан уч қисми бундай музокараларни қачон бошлаш кераклигини фақат украиналиклар ҳал қилиши керак, деб ҳисоблайди. 

Урушнинг бошланишида айбдор ким экани бўйича сўралганларнинг учдан икки қисми (66 фоиз) Россияни, 11 фоизи АҚШни, 5 фоизи НАТО ва Украинани айблади. Респондентларнинг яна 11 фоизи саволга жавоб беришдан бош тортган. 

Россия Федерациясига қарши санкциялар бўйича фикрлар кескин фарқ қилди. Европа Иттифоқида сўралганларнинг 40 фоизи санкцияларни самарали деб ҳисоблайди, деярли шунча миқдордаги респондентлар эса қарама-қарши фикрда, Германияда мос равишда - 36 ва 48 фоиз. 

Сўров декабрь ойида Европа Иттифоқининг 13 300 фуқароси ўртасида ўтказилган. Eupinions’га кўра, у бутун Европа Иттифоқи, шунингдек етти мамлакат: Бельгия, Франция, Испания, Германия, Италия, Нидерландия ва Полшанинг позициясини белгилашда муҳим аҳамиятга эга. 

Мавзуга оид