Яшнободда болани ўғирламоқчи бўлгани айтилган шахс қўлга олинган
Тошкент шаҳар ИИББ бола айни пайтда ота-онасининг ёнида соғ-саломат ҳолатда эканини маълум қилган.
Телеграм-каналларда номаълум эркак ёш боланинг қўлидан ушлаб мактаб ҳудудидан четга олиб чиқмоқчи бўлгани акс этган видео тарқалди. Воқеага гувоҳ бўлиб қолган мактаб яқинидаги кўп қаватли уйда яшовчи аёл “Болани қўйиб юбор”, деб бақиргач, эркак ҳаракатдан тўхтайди. Видеода эркакнинг чангалидан халос бўлган бола мактаб томонга югуриб кетгани, номаълум шахс эса воқеа жойидан тезда узоқлашгани акс этган.
Тошкент шаҳар ИИББ муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолат юзасидан баёнот бериб, бола ҳамда унинг йўлини тўсган эркакнинг шахси аниқланганини маълум қилди.
“19 февраль куни тахминан соат 12:35 ларда Яшнобод тумани Авиасозлар-2 даҳасидаги 151-сонли умумий ўрта таълим мактабида номаълум шахс шу мактаб ўқувчиси 2011 йилда туғилган М.О.ни тўхтатиб, қўлидан ушлаб: “Шу мактабда таҳсил оласанми?” – деб сўраган.
Вояга етмаган М.О. ушбу шахсни танимагани сабабли у билан гаплашмаслигини билдириб, қўйиб юборишини айтган, сўнг уйига кетган. Бола ҳозирда ота-онасининг ёнида соғ-саломат ҳолатда.
Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Ўрганишлар жараёнида видеода акс этган шахс 1994 йилда туғилган М.У. экани аниқланган. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилади расмий муносабатда.
18 февраль куни ҳам Тошкентда бола ўғрилари пайдо бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган, Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати ушбу хабарлар асоссиз экани, уларга ишонмасликни, бу каби ёлғон хабарларни тарқатган шахсларни аниқлаш юзасидан текширув ўтказилаётганини маълум қилганди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда пойтахтнинг Учтепа ва Шайхонтоҳур туманларида, шунингдек, Самарқанд вилоятида мактаб ўқувчилари ўғирлаб кетилгани ҳақида овозли хабарлар тарқалган, бироқ Тошкент шаҳрида содир бўлгани айтилган ҳолатлар ёлғон бўлиб чиққан, Самарқандда эса ўқувчи қизнинг қулоғидаги зираги ўғирлаб кетилгани аниқланганди.
2022 йилнинг апрелида ижтимоий тармоқларда тарқалган пойтахт мактаб ва боғчаларида бир кун ичида 5 нафар бола ўғирлаб кетилгани ҳақидаги хабарлар ҳам рад этилганди.
Мавзуга оид
11:44 / 30.10.2024
3 ёшли боланинг қотили Жиноят кодексининг 5 та моддаси билан айбланмоқда
21:55 / 11.07.2024
“Эр-хотин аламини боладан олишган” — Яшнободдаги мудҳиш қотиллик ҳақида нималар маълум?
10:04 / 11.07.2024
Тошкентда эркак 3 ёшли болани қасддан пичоқлаб ўлдирди
09:07 / 11.07.2024