Жаҳон | 12:04 / 20.02.2023
8823
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Украина учун ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кўпайтиради

Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Борреллнинг айтишича, Украина Россия агрессиясини қайтариш учун ўқ-дориларга жуда муҳтож. Киевга ёрдам бериш учун Европа Иттифоқи ўқ-дорилар харид қилишга катта маблағ ажратишни режалаштирмоқда.

Жозеп Боррел / Фото: EPA

Украинада ўқ-дориларнинг кескин тақчиллиги туфайли ЕИ янги молиялаштириш дастурини ишлаб чиқмоқда, бу эса ЕИга ўз ишлаб чиқаришини кўпайтириш ва зарур бўлган нарсани Киевга ўтказиш имконини беради, деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 19 февраль, якшанба куни Мюнхен халқаро хавфсизлик конференциясида.

«Биз уруш ҳолатидамиз, тезкорлик билан муносабат билдиришимиз керак. Европа Иттифоқи - Украина армияси, чунки бу можаро Европа хавфсизлигига экзистенциал таҳдиддир», - деди у.

Боррелнинг сўзларига кўра, Украина ҳозирда ўқ-дорилар ва ҳарбий техника билан боғлиқ оғир аҳволда, шунинг учун янги етказиб бериш имкон қадар тезроқ – яқин ҳафталар ичида амалга оширилиши керак. У Европа давлатларининг Украинага танк ва бошқа қуроллар етказиб бериш масалаларини ҳал этишдаги сустлигини танқид қилди ва сўздан амалга ўтишни маслаҳат берди. Ғарб давлатлари «Зеленскийни камроқ олқишлашлари ва унга кўпроқ снарядлар беришлари керак», деди Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари.

Боррел Европа Иттифоқини Украинага ёрдам бериш учун ўз ҳарбий саноатининг ишлаб чиқариш қувватини оширишга чақирди. Эстония бош вазири Кая Каллас Европа Иттифоқи COVID-19 пандемияси даврида вакциналарни тезда олишга имкон яратган процедурага ўхшаш процедурани бошлашни режалаштираётганини айтди - Европа Иттифоқи давлатлари мудофаа саноатининг йирик шартномалари бўйича келишилган ҳолда маблағ ажратади. Бу саноатга ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун зарур бўлган инвестицияларни жалб қилиш имконини беради.

Россия ҳарбий саноати ҳозирда уч сменада ишлаётганига эътибор қаратган Каллас: «Россия ҳар куни Европа бир ойда ишлаб чиқарадиган артиллерия снарядларини ишлатмоқда» деди. Европа Иттифоқи тезда ўз ишлаб чиқаришини ошириши керак, ўқ-дорисиз Украина урушда ғалаба қозона олмайди, дея таъкидлаб ўтди Эстония бош вазири.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид