Бахмутдаги украин аскарлари ва Донбассдан эвакуация. Уруш суратлари
Украинадаги урушнинг 362-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- АҚШ президент Жо Байден уруш бошидан буён илк бор Киевга ташриф буюрди. У Володимир Зеленский билан учрашди ҳамда Украина учун янги ҳарбий ёрдам пакети ҳақида эълон қилди.
- Россиялик мухолиф сиёсатчи, айни вақтда қамоқда жазо муддатини ўтаётган Алексей Навалний 15 пунктдан иборат сиёсий дастурини эълон қилди. Улар қаторида — Украинанинг 1991 йилги чегараларига қайтиши (яъни Қримни ҳам қайтариб олиши), Путин диктатурасини «демонтаж» қилиш ҳамда Россияда парламент республикасини ўрнатиш режалари ўрин олган.
- Курск областида ёнғин оқибатида олти нафар муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскар ҳалок бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, улардан бири блиндажни иситишда фойдаланиладиган печка устига бензин сепиб юборган.
- Россияда Украинага боришдан бош тортган ҳарбий шифокорга қарши жиноий иш очилди. Денис Васильев Шимолий флот ҳарбий қисмларидан бирига юборилган, бўшаш учун рапорт берган, аммо сафарбарлик туфайли бўшашга улгурмаган. Ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан бош тортганлик учун унга уч йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси таҳдид солмоқда.
Куннинг асосий воқеаси. Жо Байден Киевга келди
20 феврал куни Жо Байден илк бор Киевга келди. Володимир Зеленский билан учрашувда АҚШ президенти Украинага 500 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини, шунингдек Россияга қарши янги санкциялар қўлланишини ваъда қилди. У бир йил муқаддам «дунё том маънода Киевнинг қулашига ва ҳатто Украина йўқ бўлишига тайёр тургани»ни эслади. «Аммо бир йил ўтиб ҳам Киев бардош бермоқда, Украина бардош бермоқда ва демократия ҳам», деди Байден.
Зеленский унинг америкаликлар президенти билан музокаралари «Украинани ғалабага яқинлаштириши» ва «ҳудудларни озод этишда жанг майдонларидаги вазиятга таъсир кўрсатиши кераклигини»ни қайд этди. Зеленский Украина тез орада АҚШ ва дунёнинг бошқа вакиллари кўмаги туфайли «тарихий ютуққа эришиши»ни маълум қилди.
Бахмутдаги украин аскарлари
Бахмут учун жанглар давом этмоқда. Украина давлат чегара хизматига кўра, ўтган кун давомида чегарачилар РФ қўшинларининг олти ҳужумини қайтарган ва Украина қуролли кучлари билан биргаликда шаҳарга кириш қисмида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ёлланма жангчилари отрядини йўқ қилган. Россия томони бу маълумотга изоҳ бермади.
Донбассда эвакуация
Купянск ўққа тутилиши оқибатлари
20 феврал куни кечқурун Россия қўшини Купянскни ўққа тутди — бу Харкив областининг Луҳанск области билан чегарасига яқин жойлашган шаҳар. Харкив ҳарбий гарнизони раҳбари Сергей Мельник зарбалар С-300 тизими ракеталари билан берилганини маълум қилди — ҳозирча вайронгарчиликлар ва жабрланганлар тўғрисида батафсил маълумот келиб тушмаган.
Россия қўшини Купянскни 2022 йил 27 февралида оккупация қилган — бу кенг кўламли босқиннинг учинчи кунида рўй берганди. Украина қуролли кучлари шаҳарни 9 сентябр куни, Харкив областидаги қарши ҳужум давомида озод этганди. Қуйида Купянскнинг бугунги кундаги манзаралари.