Жаҳон | 12:34 / 21.02.2023
28674
4 дақиқада ўқилади

Кремлнинг махфий стратегиясида Беларус эгаллаб олиниши тасвирланган — ОАВ

Европа оммавий ахборот воситалари журналистлари консорциуми Кремлнинг «Россия Федерациясининг Беларусдаги стратегик мақсадлари» номли махфий ҳужжатини қўлга киритди. Европа журналистларига кўра, Россия 2030 йилгача Беларусни босиб олишни режалаштирмоқда.

Фото: Reuters

Журналистлар Россия ҳукуматининг «Россия Федерациясининг Беларусдаги стратегик мақсадлари» деб номланган ички ҳужжати билан танишдилар, унда Беларус Республикасининг 2030 йилгача Россия Федерациясига босқичма-босқич тўлиқ қўшилиши назарда тутилган. Суриштирувда Süddeutsche Zeitung, WDR, NDR, Yahoo News, Delfi Eesti, Expressen ва Independent нашрлари, VSquare ва Frontstory лойиҳалари, «Досье» маркази ҳамда Беларус суриштирув маркази иштирок этди.

2021 йилнинг ёзига тегишли 17 саҳифалик ҳужжатда Кремлнинг Беларусдаги сиёсий, ҳарбий, иқтисодий ва ижтимоий мақсадлари санаб ўтилган. Ушбу мақсадлар уч тоифага бўлинган - қисқа муддатли (2022 йилгача), ўрта муддатли (2025 йилгача) ва узоқ муддатли (2030). 

Стратегия «Россия Федерациясининг ижтимоий сиёсат, савдо, иқтисодиёт, фан, таълим ва маданият соҳасидаги таъсирини таъминлаш»ни назарда тутади. Бунга, хусусан, Беларус Республикаси фуқаролари томонидан Россия паспортларини олиш тартибини соддалаштириш орқали эришиш режалаштирилган - «интеграцияга қизиққан руслар қатламини ва Россия бозорига йўналтирилган ишбилармон доираларни яратиш учун». Муаллифлар таълимни бошқа восита сифатида кўришади: 2030 йилга бориб, Беларусда рус мактабини битириш учун ягона давлат имтиҳонини («ЕГЭ») топшириш пунктларини очиш режалаштирилган. 

Ҳужжатда, шунингдек, 2022 йил февралдаги «умумхалқ референдумида» «маъқулланган» Беларус Конституцияси ислоҳоти Россия манфаатларига мос келиши ва Беларус Республикаси қонунлари Россия Федерацияси қонунларига «уйғунлаштирилиши» кераклиги таъкидланган. 

Ҳужжатда мақсадлардан ташқари, Кремлга кўра, Россиянинг Беларусдаги режаларини бузиши мумкин бўлган таҳдидлар ҳам бор. Стратегия муаллифлари Лукашенконинг НАТО билан яқинлашиши эҳтимоли, унга «миллатчи ва ғарбпараст сиёсатчилар»нинг таъсири, Россиянинг коронавирусга қарши вакциналарини Америка ва Европа вакциналарига алмаштириш, шунингдек, таълим тизимининг беларус тилига тўлиқ таржимасини ушбу таҳдидлар сифатида кўрсатган.

Эълон қилинган ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тўлиқ тасдиқлаш мумкин эмас, лекин Ғарб экспертлари унинг ҳақиқийлигига ишоняпти.

«Ҳужжат мазмуни мутлақо ишонарли ва биз кўраётган нарсаларга мос келади», деди Ғарб разведкасининг юқори мартабали ходими Süddeutsche Zeitung газетасига. «Ташқи кўринишида ҳужжат Россия бюрократияси ёки сиёсий маъмуриятининг стандарт ҳужжатига ўхшайди», деди Стокҳолм Шарқий Европа тадқиқотлари маркази (SCEEUS) директори ўринбосари Мартин Краг.

АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)даги элчиси Майкл Карпентер Россия Федерациясининг Беларусга нисбатан мақсадлари худди Украинага алоқадор режалар билан бир хил эканини таъкидлади. «Фақат Беларусда бу урушга эмас, мажбурлашга таянади. Лекин якуний мақсад барибир тўлиқ қўшиб олишдир», - деди у. Журналистларнинг таъкидлашича, стратегиянинг айрим элементлари, хусусан, Россия паспортларининг оммавий берилиши Кремль томонидан бошқа мамлакатлар ва минтақаларда, масалан, Абхазия, Жанубий Осетия ва Украина шарқида оккупациядан кейин қўлланган. 

2021 йил ноябрида Путин ва Лукашенко Россия ва Беларус интеграцияси режасини имзолади. У интеграциянинг турли жиҳатларига, жумладан, ҳарбий ва иқтисодий жиҳатларга бағишланган 30 га яқин «йўл хариталари»дан иборат. Беларус аҳолиси ўз мамлакатининг Россия билан интеграциялашувига қарши бир неча бор норозилик намойишлари ўтказган. 

Мавзуга оид